Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азиз дўстим, сизни имонга кириб Раббимизнинг фарзандига айланганингиз билан муборакбод этаман. Чунки сиз янги ҳаётга эга бўлдингиз. Шуни айтингчи, ушбу сиз эга бўлган янги ҳаёт Худога қанчалар қиммат тушганини биласизми? Аҳир Худо бизни ўзи билан яраштириш учун Ўзига энг қиммат бўлган Зотни сиз ва мен учун қурбон қилди. Минг йиллар мобайнида режалаштирган ишини Худо амалга ошириб сиз ва мени шайтон хокимиятидан озод қилди. Энди биз бу дунёга эмас, аксинча, Худонинг буюк ва муқаддас шохлигига тегишлимиз. Энди бизнинг гуноҳли ўтмишимиз, ёвузликларимиз йўқ бўлди. Чунки, Худонинг қурбонлигини қабул қилиб кечирилдик. Энди бу дунёда яшар эканмиз, нафақат тингловчилар бўлишимиз, балки Худодан тинглаганимизни амалга оширувчилардан бўлишимиз керак. Келинг, Худонинг Каломи бу ҳақда нима дейишини кўриб чиқсак. Ёқуб китобининг 1чи бобида қуйидаги оятлар битилган.
Эй севикли биродарларим, шуни билингларки, ҳар бир одам эшитишда чаққон, гапиришда вазмин, ғазаб вақтида оғир бўлсин. Чунки инсон ғазаби Худонинг одил ҳукмини амалга ошира олмайди. Шунинг учун ҳар қандай ифлосликни, кўп бўлиб қолган ёмонликларни бир четга йиғиштириб қўйинглар, Худонинг қалбингизга экиб қўйган каломини мулойимлик билан тан олинглар. Ана бу калом жонларингизни қутқаришга қодир. Ўз-ўзингизни алдаб, Худо каломининг фақат тингловчиларигина эмас, балки ижрочилари бўлинглар. Агар бирор киши каломни тинглаб, ижро этмаса, у ўзининг асл юзини кўзгуда кўрган одамга ўхшаб қолади. Одам ўзига қаради-ю кетди ва дарҳол қандай эканлигини унутиб юборди. Лекин мукаммал Қонунга, Худонинг эрк берувчи Қонунига яқиндан қараб, унга қатъий амал қилган киши, яъни унутувчан тингловчи эмас, балки ишни бажарувчи киши ўз йўлида бахтиёр бўлади. Агар орангиздаги бирор киши ўзини диндор ҳисоблаб, тилини тиймаса, у ўз виждонини алдаган бўлади ва унинг диндорлиги бефойдадир.
Азизлар, тушунган бўлсангиз, бугун айнан амал қилвучилардан бўлиш учун ибодат қилмоқчиман. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг. Отажон, Сенинг муқаддас номинг улуғлансин. Худойим, бизга эшитишда чаққон, гапиришда вазмин, ғазаб вақтида оғир бўлишни ўргат. Худойим, энди ҳар қандай ифлосликни, кўп бўлиб қолган ёмонликларимизни бир четга суриб қўяйлик. Ўз ўзимизни алдаб, Сенинг Каломингни фақат тингловчиларигина эмас, балки, ижрочилари бўлайлик. Сенинг эрк берувчи Қонунинга яқиндан қараб, унга қатъий амал қилган кишилардан бўлайлик. Сен бизга топширган ишни бажарувчилардан бўлишни истаймиз. Худойим, бизни қуруқ гап эгалари бўлишдан ўзинг асрагин. Аксинча, барқа гапимиз, қилмишларимиз, Сенинг севги Шоҳлигингни ерда ёйишга қаратилган бўлсин. Худойим, ушбу янги ҳаётда жасурлик билан яшашимиз учун бизни Муқаддас Руҳинг билан тўлдиргин. Сенинг Муқаддас номинг улуғлансин. Омин.
Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.