3:22

Масиҳнинг қони Худо учун жуда қимматга тушди

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар, сизга ҳавола этмоқчи бўлган бугунги ҳикоям Қон деб номланган ҳикоянинг давомидир. Эсингизда бўлса, ўтган сафар бу гуноҳ масаласида сўз юритиб, Каломдан баъзи оятларни тилга олган эдик. У ерда барча одам гуноҳкор эканига амин бўлдик. Лекин шунда ҳам, Худо бизни кечиришга доим тайёр эканини ҳам кўрган эдик. Келинг, ундан кўраси, хикоянинг давомини хавола этаман. Агар қўпол қилиб айтадиган бўлсак, гуноҳ бизларни уч нарсага олиб келди.

Биринчиси. Энг бошида гуноҳ инсонни Худодан айирди: “Бир одамнинг итоатсизлиги туфайли кўп одамлар гуноҳкор бўлди” (Рим.5:19). Ўша гуноҳ қаердан келганлиги эсингиздами? Одам ато ва Момо ҳавони жаннатда қилган биринчи гуноҳини эслаган бўлсангиз керак. Ха майли, мавзудан четга чиқиб кетмайин.

Иккинчидан бизларда айибдорлик ҳисси пайдо бўлди, чунки қаерда итоатсизлик бўлса, ўша ерда айбдорлик ҳисси туғилади. Учинчидан, шайтон бизларнинг гуноҳкор эканлигимизни таъкидлаб туради, бизларга айб тақайди, чунки у Ваҳий китобида ёзилганидек “биродарларимизнинг туҳматчисидир” (12:10).

Шунинг учун ҳам, бизларни яна Ўз бағрига қайтариш учун, Раббимиз Исо Масиҳ мана шу учта муаммони ҳал қилиши керак эди. Шунинг учун У биринчидан Ўз қонини тўкиб, гуноҳларимизни ювди. Бу дегани, биз энди яна Худо билан бирга яшай оламиз. Сўнгра Масиҳ қонининг Худо олдида қанчалик қадрли эканини билиш орқали айбдорлик ҳиссидан озод бўламиз. Ва ниҳоят, душманнинг ҳужумларига қарши туриш учун, унинг даъволарини йўққа чиқариш учун биз яна Масиҳнинг қонига суянамиз. Масиҳнинг қони бу учта муаммонинг ҳар бирини еча олади: Худо олдида бизни оқлайди, юрагимизга тинчлик беради, шайтоннинг ҳужумларини қайтаради.

Агар биз янги ҳаётда олдинга юришни истасак, Масиҳ қонининг қанчалик таъсирли эканини билиб олишимиз шарт. Раббимиз Исо Хочда ўлгани қанчалик аниқ факт бўлса, Унинг қони гуноҳларимизни ювиши ҳам шунчалик аниқ. Бизларни жазодан қутқариш учун, ҳамда Худо олдида оқлаш учун қон тўкилди. Худо биз қилган ёмон ишларни “Ҳа майли, кечирвораман” демайди. Қонни кўргани учун У бизларни кечиради. Демак, қон биринчи навбатда Худо учун тўкилди, биз учун эмас. Агар Масиҳ қонининг баҳосини билмоқчи бўлсак, биз биринчи навбатда бу қоннинг Худо олдида қандай қадр-қимматга эга эканлиги ҳақида ўйлашимиз керак. Агар Худо олдида унинг қадр-қимматини билмасак, у биз учун ҳам ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Қадимги Аҳд даврида ҳар йили бир марта бутун Исроил халқи қилган гуноҳлар учун қурбонлик қилинар, қурбонлик қони эса Чодирнинг Муқаддаслар Муқаддаси хонасига олиб кирилиб, Худо олдида етти марта сепилар эди.

Қурбонлик ҳамманинг кўзи олдида қилинар, лекин Муқаддас Чодирга эса фақат олийруҳоний кириши мумкин эди. Азизлар, ушбу қизиқарли ва руҳиятимизга фойдаси катта бўлган мавзуни келаси сафар албатта давом эттирамиз. Бордию сизда ҳам бу мавзуда фикр мулоҳазаларингиз бўлса, тортинмай, dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг ёки бўлмаса www.najot.com сайтига ташриф буюриб ҳабар қолдинг. Бизни тинглаб биз билан бирга бўлганингиз учун раҳмат. Раббимиз севгиси барчангизга ёр бўлсин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top