Narrator 1 «Ғолибни Мен Худойимнинг маъбадида сутун қиламан, у бошқа у ердан чиқмайди» (Ваҳ 3:12).
Ассалому алайкум қадрдонлар. Биз ҳаммамиз охири ёвузлик устидан ғалаба қиладиган – яхшилик билан тугалланадиган ҳикояларни, эртакларни ва фильмларни ёқтирамиз. Биз бундай ҳикояларни севиб ўқиймиз, фильмларни мароқ билан томоша қиламиз. Аммо бунинг ўзи бизни Худога маъқул инсон бўлишимизга етарли эмас. Бунинг учун ичимиздан, атрофимиздан бизга ҳужум қиладиган шайтоннинг ҳамлаларига қарши тура олишимиз керак. Шайтон ўта ҳийлакор. У бизнинг қизиқишларимизга, ўтмишимизга, дунёқарашимизга қараб ўз найрангли режасини тузади. Шу билан бизни Худодан узоқлаштиришга ҳаракат қилади. Баъзан унинг ҳийлалари олдида ожиз бўлиб қоламиз. Унга қарши туришга кучимиз камлик қилади. Бироқ бизда Худованд борлигини унутманг.
Narrator 2 Худованд биздай ҳолатни бошидан кечирган Филаделфия шаҳридаги жамоатга шундай деганди: «…Сенинг ишларингни биламан. Мана, олдингдаги эшикни очдим, уни ҳеч ким бекита олмайди. Сенда куч кўп эмас, аммо Менинг сўзимни сақладинг, номимни инкор этмадинг. Мана, шайтон йиғинидан бўлганларни Мен нима қилар эканман? Улар ўзларини ёлғондан яҳудий дейдилар, аммо яҳудий эмаслар. Мен уларни шундай кўйга соламанки, келиб сенинг оёғингга сажда қиладилар, Мен сени нақадар севганимни билиб оладилар. Сен Менинг сабр қилиш ҳақидаги амримни бажо келтирдинг, шунинг учун Мен ер юзи бўйлаб яшовчиларни синаш учун юбориладиган васваса соатидан сени асрайман. Мен тезда келаман. Қўлингда ниманг бўлса, маҳкам тут, зинҳор бирор кимса тожингни тортиб олмасин» (Ваҳ 3:8-11).
Narrator 1 Ҳаётимизда учрайдиган руҳий ва моддий қийинчиликлар бари ўткинчи. Бу қийичиликларнинг борлиги эмас, уларга қандай муносабатда бўлишимиз муҳимроқ. Агар уларга Худонинг кўзи билан қарасак, Худованд уларни енгиб ўтишимизга ёрдам беради. Бизда куч кўп эмаслигини Худованд билади. Бизнинг ишларимизни, Худовандга бўлган садоқатимизни, Унинг номини инкор этмаганимизни, бизни йўлдан урмоқчи бўлган фикрларга қарши туришга ҳаракат қилаётганимизни билади. Бизнинг шунча қийинчиликларга сабр-тоқат қилганимизни билади. У бизни қилган ишимизга яраша мукофотлайди. Ҳозир қийинчиликларга сабр қилаётган бўлсак, келажакда шу сабримизнинг мевасини кўрамиз.
Narrator 2 Худованд ҳар сафар турли жамоатларга гапирар экан, охрида, «Қўлингда ниманг бўлда, маҳкам тут. Охиригача чида. Зинҳор бирор кимса тожингни тортиб олмасин», дейди. Бу гаплар бизга ҳам тегишли. Бизда нима бор ўзи, деган савол туғилади. Бизда Исо Масиҳдан олган нажотимиз бор, абадий ҳаётимиз бор, Худо Шоҳлиги бор. Ичимизда Худонинг Руҳи бор. Онгимизда Худонинг фикрлари бор. У ҳақидаги билим, Унга бўлган муҳаббат, ишонч ва умид бор. Мана қанча кўп нарса бор экан бизда. Худованд мана шу нарсаларни охиригача қўлимизда маҳкам тутишимизни, уларни йўқотиб қўймаслигимизни истайди. Шундагина ғолиб бўламиз.