Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугун суҳбатимиз қадимда Исроил ҳалқига бир неча йил ҳакамлик қилган Шимшўн исмли кучли боҳодирнинг онаси ҳақида бўлади. Бир куни Шимшўн ҳақида ўқий туриб, унинг онаси қандай бўлган экан, дея ўйлаб қолдим. Каломдан Шимшўннинг онаси ҳақида ўқидим. У ҳақида айнан «ундай бўлган» «бундай аёл бўлган», деб ёзилмаган бўлса-да, Каломда ёзилганларига қараб, аёлнинг қандай бўлганлигини билиб олиш қийин эмас. Бунда биз тасаввуримизни, ҳақиқатларни ва мантиқни ишлатиб аёлни билиб оламиз.
Халқ Худодан узоқлашганида Худованд ҳар сафар уларни душманлари қўлига берарди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Абдўн исмли ҳакам оламдан ўтгач, Исроил халқи яна Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилгани учун, Эгамиз уларни қирқ йилга Филист халқининг қўлига берди. Шу қирқ йил тугаб қолай деган пайтларда бир воқеа содир бўлди.
Narrator 2 Каломда бу воқеа ҳақида шундай дейди: «Ўша замонда Зораҳлик бир одам бор эди. У Дан қабиласидан…хотини бепушт бўлиб, фарзанди йўқ эди. Бир куни Эгамизнинг фариштаси аёлга зоҳир бўлиб шундай деди: «Сен шу пайтгача бола кўришга ожиз эдинг, аммо кўп ўтмай сен ҳомиладор бўлиб, бўлиб ўғил туғасан. Шароб ва ўткир ичимликларни энди ича кўрма, ҳаром нарсани ҳам ема… Бола туғилиши биланоқ Худога назр қилингай, шунинг учун боланинг бошига устара тегмасин. Исроилни Филистларнинг қўлидан озод қилишни бошлайдиган ўшадир» (Ҳак 13:3-5). Жуда қизиқ ҳолат. Бу пайтда аёлнинг эри унинг ёнида бўлмаган. Унинг қаердалиги ёзилмаган, аммо даладами ёки бошқа бирор ерда ўзининг кундалик ишлари билан машғул бўлгани аниқ. У шошиб қолди. Албатта, унинг ўрнида ҳар қандай аёл ҳам шошиб қолган бўларди.
Narrator 1 Аёл фариштанинг ҳамма сўзларини эшитди-ю, унинг кимлигини сўрамади. Шундай ажойиб хушхабардан шошиб қолган бўлса керак. Ахир кўп йиллар ҳомиладор бўлишни орзиқиб кутган. Фаришта эса «ҳомиладор бўласан», дея аниқ ишонтираяпти. Бу узоқ йиллар фарзанд кўришни орзу қилган аёл учун кутилмаган, хурсандчли янгилик эди. У фариштани Худонинг одами деб ўйлади. Бирор бир пайғамбар ёки Худога дили яқин бир одам бўлса керак, деган фикрга келди. Сўнг шошиб бориб эрига бор гапни айтиб берди. Қандай ўхшашлик! У аёлнинг ҳам бизнинг аёллардан ҳеч фарқи йўқ экан. Бизнинг аёллар ҳам қандайдир хурсандчилик ёки ташвишли ҳабар эшитсалар, дарҳол бориб эрларига бу ҳақида айтиб берадилар. Шимшўннинг онаси ҳам шундай қилди.
Narrator 2 Калом Шимшўнни «Худонинг кучига, руҳига тўлган», дея тасвирлайди. Унинг бундай бўлиб етишишида аёлнинг ҳиссаси катта. У фарзанди туғилгунига қадар, ҳеч ҳам оғзига шароб ёки бирор ҳаром нарса олмаган. Ўзини нопокликдан сақлаган. Ўша даврнинг одатига кўра шароб худди бизнинг бугунги кундаги чойдек ичилган. Аёл эса тўққиз ой ўзини шаробдан, ўткир ичимликлардан, ҳаром нарсалардан тийган. Фақатгина шу эмас, боланинг ўзи ҳам бутунлай шароб ёки май ичмаслиги, сочини қирқмаслиги ва мурдага тегинмаслиги керак эди. Боласини шундай нарсаларни қилмасликка ўргатиш онасининг зиммасида эди. У бу ишни аъло даражада уддалади. Фарзанди Шимшўн кучли, Худога итоат қиладиган, Худо руҳига тўлган йигит бўлиб улғайди. У Шимшўннинг онаси бўлишга лойиқ она эди.