Narrator 1 Ассалому алайкум. Яхшини ёмондан қандай ажратса бўлади? Қилмишларидан. Яхши одам ўз фойдаси учун бўлса ҳам ёмон иш қила олмайди. Бунга унинг виждони йўл қўймайди. Тасаввур қилинг. Кимдир сизга бир ишни таклиф қилди. Бу ишдан яхшигина фойда кўриш мумкин. Аслида қийин иш ҳам эмас. Ўртада туриб, даллоллик қиласиз. Икки кишининг ҳам ишини битириб берасиз, ўзингиз ҳам қуруқ қолмайсиз. Бирининг молини иккинчисига ўртада ўз ҳиссангизни қўйиб ўтказасиз. Тамом вассалом. Бироқ яхши, виждонли одам бундай ишни эплай олмайди. Чунки танишига ёлғон сўзлай олмайди. Виждони безовта қилмайдиган одам эса бу ишни осонгина битиради. Муқаддас Каломда ёзилган Яҳудо ҳам ёмонлик қилишга қўрқадиган, виждонли киши эди. Унинг виждонли эканини қаердан билиш мумкин?
Narrator 2 Ибтидо китоби 37 бобни ўқисангиз, Юсуф пайғамбарнинг акалари уни ёмон кўришгани, унга ҳасад қилишгани ҳақида ўқийсиз. Яҳудо ҳам Юсуф пайғамбарнинг акаларидан бири эди. У ҳам Юсуфга ҳасад қиларди. Юсуфнинг тушлари ҳақида мақтаниб айтиши, отасининг уни бошқалардан кўпроқ яхши кўриши унинг ғашига тегарди. Аммо шу бобдаги бир кичик воқеа Яҳудонинг ёмон одам эмаслигини билдиради. Ëқубнинг ўғиллари гапни бир жойга қўйиб, укалари Юсуфни ўлдирмоқчи бўлишди. Уни қудуққа ташлашди. Шунда Яҳудо ака-укаларига: «-Укамизнинг қонини тўкиб, буни яширишдан нима фойда бор? Келинглар, яхшиси уни исмоилийларга сотамиз, қўлимизни унинг қони билан булғамаймиз. У бизнинг укамиз, ўз суягимиз ахир, — деди».
Narrator 1 Ака-укаларидан қайси бири Юсуфни кўпроқ ёмон кўргани ҳақида айтилмаган, бироқ кўпчилиги Юсуфни ёқтирмасди. Юсуфнинг жони қил устида турганди. Бироқ Яҳудо бунга рози эмасди. У укасига ҳар қанча ҳасад қилмасин, ўз жигари эканини унутмаганди. Шунинг учун ҳам у бошқа ака-укаларини Юсуфни ўлдирмасликка, аксинча уни исмоилийларга сотиб юборишга кўндирди. «Қандай ҳолатда бўлса ҳам тирик қолади-ку. Омон бўлсак, яна бир кун кўришармиз», — деб ўйлаган. У укасининг ўлмай қолишига сабаб бўлди. Бироқ ўз укасини, ўз жигарини – отасининг севимли ўғлини қул қилиб сотиб юборгани учун виждони қийналди. Буни қандай билдингиз, дейсизми? Муқаддас Каломнинг бундан кейинги воқеалари шунга ишора қилади. Келинг, шу оятларни сиз билан бирга ўқиймиз.
Narrator 2 «Ўша вақтда Яҳудо ўз ака-укаларидан айрилиб жўнади» (Ибт 38:1). Нега? Нега шунча йил бирга яшаган Яҳудо шу воқеадан сўнг ўз ака-укаларидан айрилиб бошқа ерга кетди. Отасининг ғамдан адо бўлаётганини ҳар куни кўриб туриш уни қийнарди. Ўғлининг ўлганини эшитган Ëқуб кийимларини йиртди, белига жул ўраб, ўғли учун анча вақт мотам тутди. Яҳудо бу нарсаларга жимгина қараб туролмасди. Укасини ўлимдан сақлаб қолган бўлса-да, уни ака-укаларига қўшилиб Мисрга сотиб юборгани учун ўзини айбдор ҳис қиларди. Шунинг учун ҳам бошқа у ерда отаси ва ака-укалари билан бирга яшай олмади. Калом шундай дейди: «Ўша вақтда Яҳудо ўз ака-укаларидан айрилиб жўнади. У йўл юриб Адуллам шаҳрида Ҳиро отли бойнинг ёнида жойлашди.» Шундан кейин у то Юсуф билан учрашгунча ўша ерда қолди.