3:09

Шимахнинг ўлими

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Муқаддас Каломда исмлари қайд этилган кишилар ҳаёти ҳақида сўз юритадиган рукнимиз орқали ҳаётимиз учун зарур бўладиган сабоқларни олишда давом этаяпмиз. Бугун Шоҳлар китобида ҳикоя қилинган Шимаҳ исмли кишининг ўлими ҳақида суҳбатлашамиз. Аммо у нега ўлдирилди, дерсиз? Бунинг сабаби бўлиши керак албатта. Келинг, унинг қандай инсон бўлгани ва қандай ўлим топгани ҳақидаги суҳбатимизни бошлаймиз. Калом бу ҳақида шундай дейди: «…Шоҳ одам юбориб, Шимахни чақиртириб келди ва унга шундай деди: — Қуддусда ўзингга бир уй қур ва ўша ерда ўтир. У ердан ҳеч қаерга чиқма. Шуни билиб қўйки, ўша ердан чиқиб, Қидрон сойлигидан ўтган кунингоқ ўлиминг муқаррардир. Ўзингни бошингни ўзинг ейсан.» (3 Шоҳ. 2:36-37)

Narrator 2 Шимах Қидрон сойлигидан ўтмасликка ваъда берди. Бироқ орадан уч йил ўтиб, бир воқеа юз берди. Шимахнинг икки қули қочиб кетди. Шимах эса берган ваъдасини унутиб, эшагини эгарлаб, қулларини излаб кетди. У қулларини топиб қайтариб олиб келди. Шимахнинг Гатга бориб келгани ҳақидаги хабар шохга етиб боргач, шох Шимахни яна ҳузурига чақиртирди: «Сенга: «Билиб қўй, Қуддусдан чиқиб, бирор ерга борган кунингоқ ўлишинг муқаррар», деб Эгамиз номи билан онт ичдириб, қаттиқ огоҳлантирмаганмидим?! Сен эса: «Хўп бўлади! Гапингиз тўғри» деган эдинг. Нега Эгамизга ичган онтингга ва менинг амримга итоат қилмадинг?… Сўнг шох Сулаймон Бинаёга амр берди, у чиқди-ю, Шимахни ўлдирди» (3 Шоҳ. 2:42-43,46).

Narrator 1 Шимах нима учун ўлдирилди? У ўлимга лойиқ қандай иш қилган эди? Мана шу саволларга жавоб топиш учун вақт машинасида Сулаймон давридан Довуд даврига қайтамиз. Шимах Шоул хонадонидан эди. Шоулнинг ўрнига Довуд тахтга чиққанидан сўнг, Довуд Бохурим шаҳрига етиб борди. Шу пайтда Шимах қарғаниб ўртага чиқди. У Гера деганнинг ўғли эди. Шоҳнинг ўнг ва чап томонида одамлари ҳимоя қилиб турганига қарамай, Шимах тош олиб Довудга ва унинг одамларига ота бошлади. Шимах уни истаганича ҳақорат қилди. «- Йўқол, кет, эй, разил одам, сенинг қўлинг қон! Сен Шоулнинг ўрнига шоҳ бўлган эдинг. Шоул хонадонидан қанча қонлар тўккан бўлсанг, Эгам ҳаммасини ўз бошингга қайтарди, шоҳликни ўғлинг Абсаломга берди. Қўлинг қон бўлгани учун қилмишингга яраша кулфат тортяпсан» (2 Шоҳ. 16:7-8).

Narrator 2 Шимах ўйламай гапирадиган, нотўғри хулоса қиладиган киши бўлган бўлса керак. У ўта ҳис-ҳаяжонга берилувчан бўлгани унинг гап сўзларидан билиниб турибди. Яхшилаб ўйлаб қаралса, Шоулни Довуд ўлдирмаган эди. Шоулдан кейин тахтга чиққан ўғлини эса икки хизматкор ўлдирган. Баъзан кишиларни ноҳақ айблаш, киши бошига фалокат келтиради. Шимах ҳам шундайлардан эди. Ўша пайтда Довуд унга қарши ҳеч нарса қилмади. Аммо Худованднинг танлаган шоҳига нисбатан қилинган ёмонлик жазосиз қолмасди. Довуд пайғамбар ўлими олдидан ўғли Сулаймонга шундай васият қилди: «Эсингда бўлсин: ёнингда Бенямин қабиласидан Бохуримлик Гера ўғли Шимах ҳам бор. …у мени ёмон қарғаган эди. Мен Эгамиз номи билан онт ичиб, унга «Сени ўлдирмайман» деган эдим. Лекин сен уни айбсиз деб билма.» (3 Шоҳ 2:8-9). Шимах ўз қилмишига яраша жазо топди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top