3:02

Соронинг Иброҳимга таъсири

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Муқаддас Каломда биз таълим олишимиз учун етарлича сабоқлар бор. Китобни варақлар эканман, Соро бибининг ҳаётига разм солдим. У матонатли аёл бўлиши билан бирга бир нечта камчиликлардан ҳам ҳоли эмас экан. Агар эътибор қилган бўлсангиз, ҳаётда аёл кишининг эрига таъсири жуда кучли бўлади. Баъзи ақлли аёллар бу табиатидан фақат яхшилик учун ишлатади. Шунда ҳам меъёрида обдон ўйлаб кейин ишлатади. Бошқалар эса бу табиатидан бўлар бўлмасга ишлатаверишади. Фақат ўз истакларини қондириш учун ишлатилган таъсир оилани жуда ёмон ҳолатга олиб келиб қўяди. Соро биби ҳам шошқалоқлиги натижасида эри Иброҳимга ўтказган таъсири бир аёл ва бир боланинг ҳаётини ҳам ўзгартириб юборди.

Narrator 2 Муқаддас Каломни ўқир эканмиз, баъзида инсонлар Худовандни билиб туриб ҳам, У билан бирга узоқ муносабатда бўлиб туриб ҳам, ваъдаларига ишончсизлик қилишади. Худованд Иброҳимга ўғил беришни ваъда қилди. Иброҳим: «Мана мен ўғилсиз ўтаётирман, мендан кейин мол-мулкимга содиқ хизматкорим Элъазар эгалик қилади», — деганида Худованд унга ўғил ваъда қилган эди. Бу ваъдани Иброҳим ота шубҳасизки, Соро биби билан ҳам бўлишган. Соро биби ҳам Худованд берган ваъдани биларди. Худованд ваъда бердими уни албатта бажаради. Бунга асло шубҳа қилмаслик керак. Бироқ Соро бибида шубҳа пайдо бўлди. У кутишдан чарчади. Сабри етмади. Кейин эса ўз билганича йўл тутишга ҳаракат қилди.

Narrator 1 Шу истаги асосида эрига ҳам таъсир ўтказди. Аёл кишининг макри қирқ туяга ҳам юк бўлади, дейишади. Бу макр ичига унинг таъсири ҳам киради. Аёл баъзан йиғлаб-сиқтаб, баъзан нолиб, яна баъзан эрини мақтаб ўз таъсири доирасига киритиб олади. Соро биби қандай таъсир ўтказганини Муқаддас Каломдан билиб оламиз: «Бир куни Сорай Ибромга: — Мана, Худованд мени туғишдан ожиз қилди. Сиз энди чўримнинг ёнига кираверинг, балки ундан болали бўларман – деди. Ибром Сорайнинг сўзига қулоқ солди. Шундай қилиб, улар Канъон юртида ўрнашганларининг ўнинчи йилида Ибромнинг хотини Сорай ўзининг мисрлик чўриси Ҳожарни эри Ибромга хотинликка олиб берди.» (Ибт 16:2-3). Каломда «Ибром Сорайнинг сўзига қулоқ солди», — деб ёзилган. Аммо Ибром Сорайнинг бир оғиз гапига қулоқ солганинига шубҳам бор.

Narrator 2 Ибром Худонинг ваъдасини ўз қулоқлари билан эшитган, қалби билан ҳис қилган эди. У Сорайга албатта қаршилик қилган. Аммо Сорай ўша пайтдаги одатларни пеш қилиб, чўрининг хизматкори ҳам бизнинг боламиз бўлади-ку, дея Ибромни кўндиришга ҳаракат қилган. Унга таъсир ўтказиш учун ўз туғмаслигини, дардини достон қилиб, нолиган, йиғлаб-сиқтаган, жуда ҳам болали бўлиш истагида эканини энтикиш билан айтган бўлиши керак. Ана ўшандан кейин Ибром Сорайнинг таъсирига тушиб, унинг гапига қулоқ солган. Албатта Ибром ҳато қилди. Аммо бугун биз фақатгина Сорайнинг шошқалоқлиги, сабрсизлиги, бироз Худовандга ишончсизлик қилгани ва эрига таъсир ўтказгани ҳақида суҳбатлашдик. Бироқ бу таъсир унинг ўзига ҳам, Ибромга ҳам ва ниҳоят Ҳожар билан Исмоилга ҳам яхшилик келтирмади. Сорай ўйламай қилган таъсири туфайли бир нечта одам жабрланди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top