MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Қадим замонларда қулдорчилик жуда авж олган. Бизга бу нарса ҳозир адолатсизликдай туюлса-да, ўша замон одамлари учун бу биз ҳозир машинага эга бўлгандай оддий ҳолат бўлган. Қуллар эгаларининг оғир ишларини енгил қилганлар. Улар ҳеч қандай ҳуқуққа, эркинликка, мустақил фикрга ва ҳаётга эга бўлмаганлар. Улар фақат хўжайини нима деса шуни бажарган. Баъзи даврларда ҳатто бир оиладаги қулларни эгалари бошқа-бошқа одамларга сотиб юборганлар. Улар ҳатто оилавий бир бўлиб яшашга, бир хўжайинга хизмат қилишга ҳам ҳақли бўлмаганлар. Болаларни бошқа бир бойга, ота-онасини бошқа-бошқа бойларга сотиб юборшиган. Хуллас оилавий қуллар бир-бирларидан узоқда яшашга мажбур бўлганлар. Бугунги кунда қулликка бутунлай барҳам берилган.

Narrator 2 Ҳозир ким учундир хизмат қилаётган қулларни кўрмайсиз. Ҳамма эркин ва озод! Чиндан ҳам шундайми? Биз шундай деб ўйлаймиз. Ташқаридан қараганда шундай кўринади. Аслида эса кўпчилигимиз ҳали ҳам қулмиз. Гапларимга қўшилмайсизми? Унда Муқаддас Каломдан бир парча ўқиб бераман: «Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади. – Биз Иброҳим наслимиз, — деб жавоб берди улар. – Ҳеч қачон ҳеч кимга қул бўлмаганмиз. Сен қандай қилиб «Озод бўласизлар», деяпсан? – Сизларга гапнинг ростини айтсам, — деди Исо, — гуноҳ қилувчи ҳар бир киши гуноҳнинг қулидир» (Юҳ 8:32-34). Хўш, ана энди гап нима ҳақида кетаётганини билиб олгандирсиз?! Чиндан ҳам гуноҳ бу қуллик дегани.Қўшма Штатлар президенти бўлган Абраҳам Линколн қуллик сиёсатини йўқ қилганидан кейин ҳам кўпчилик қулликда яшашда давом этаверишди.

Narrator 1 Чунки улар, озодликнинг нима эканини билишмасди. Баъзилари шу қулликда яшашга ўрганиб қолган, озод бўлиб нима қилишини тасаввур қилишолмасди. Шунинг учун ҳам қуллик тугатилганига қарамай, баъзи ер эгалари қулларини мажбуран ушлаб турган бўлса, баъзи қуллар эса ўз ихтиёрлари билан қуллик қилишда давом этишди. Худди шу каби, Масиҳнинг қони бизларни гуноҳ қуллигидан озод қилган бўлса-да, гуноҳнинг қули бўлишда давом этмоқдамиз. Калом гуноҳ ҳақида бизни огоҳлантиради: «У ҳалок бўладиганларни ҳар турли ноҳақ васвасалар билан йўлдан оздиради. Бу кишилар ҳақиқат севгисини қабул қила олмайдилар» (2 Сал 2:10).Нажот топиш – бу диний бир маросим эмас. У ҳаётимизни барбод қиладиган нарсадан озод бўлиш тажрибаси. Исо Масиҳ «Ўз ҳалқини гуноҳлардан қутқариш» учун келган.

Narrator 2 Озодлик эса гуноҳдан ва унинг оқибатларидан озод бўлиш ҳақиқатини билиш деганидир.

Агар сиз қўрқувнинг қули бўлсангиз, ҳаддан ташқари эҳтиёткор бўласиз. Энг кичик нарса ҳам сизни ҳавотирга солади. Юрагингиз ҳеч қачон ором билмайди. Ҳар доим қўрқув ичида яшайсиз. Агар сиз иштаҳангизнинг қули бўлсангиз, биринчи ўринда қорнингизни ўйлайсиз. Сиз уни эмас, у сизни бошқаради. Агар озод бўлишни чин дилдан истамасангиз, ҳақиқат сизни озод қилишини била туриб, уни рад этсангиз, Худованд сизни мана шу ҳолатда қолдиришга мажбур. Бироқ агар гуноҳдан, ёлғондан озод бўлишни истасангиз, ҳар сафар гуноҳингизни Худонинг олдида эътироф этганингизда, ҳаётингизни бошқариб турган гуноҳ ҳукмронлигини парчалаган бўласиз. Ҳаётингиздаги қулликни Худонинг ҳақиқати билан барбод қилинг. Ҳамда бизнинг www.najot.com сайти орқали ўз фикрингизни маълум қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top