Narrator 1 Ассалому алайкум. Кўпчилик имонлилар Худо қудратига ва Худо ҳақидаги билимларга, тажрибаларга қисқа йўл билан бормоқчи бўладилар. Бироқ бу қисқа йўл уларга қийинчиликлар, асабийлашишлар ва яна бошқа кўнгилсизликларни ҳадя этади. Худо қудратига йўл фақат муқаддаслик орқали бўлади. Исо Масиҳдан олдин туғилган Яҳё пайғамбар ҳақида эшитганмисиз? Исо Масиҳнинг айтишича, у пайғамбарлардан ҳам буюкроқ бўлган. У ўзини гуноҳдан ҳоли сақлаб, чўлда яшаган. Каломда айтилишича, у Муқаддас руҳ билан туғилган. Онасининг қорнидаёқ Муқаддас Руҳга тўлган болакай, улғайиб, Илёс пайғамбарнинг руҳини олган пайғамбар бўлди. Тарихчиларнинг фикрича, у ўша замонда миллионлаб инсонларни тавбага ундаган ва эриштирган инсон бўлган. Юзлаб, минглаб кишилар оқими Яҳё пайғамбар яшаган жойга – чўлга интилган.
Narrator 2 Яҳё пайғамбар ўзининг иши нимадан иборатлигини жуда яхши билган. У инсонларни тавбага чақириб, Худо шоҳлиги келишига тайёрлаган. Каломда Исо Масиҳ инсонларнинг юраклари қандайлигини билганлиги ҳақида ёзилган. Бироқ Муқаддас Руҳга тўлиб туғилган Яҳё пайғамбар ҳам инсонлар юраги қандайлигини билган. Ҳар бир одамнинг унинг олдига нима мақсадда яқинлашаётганини сезиб турган. «Фарзий ва саддуқий мазҳабларидан ҳам талай киши чўмилиш учун унинг олдига келаётганларини Яҳё кўриб уларга деди: «Вой илонлар зоти! Бошингизга келадиган Худо ғазабидан қочиб қутулишингизни сизларга ким уқтирди?» Ҳеч ким Яҳё пайғамбарнинг ҳукмидан қочиб қутула олмади, аскарлар ҳам, фарзийлар ҳам, бошқа оддий гуноҳкор ҳалқ ҳам чўлга Яҳёнинг олдига келишди.
Narrator 1 У бор йўғи гуноҳларни тан олиб, сувга чўмишни буюрарди. Бу нарса ҳақиқий руҳий покланишга қўйилган бир қадам, аниқроғи тайёргарлик эди. Яҳё пайғамбар ҳам инсонларнинг юрагини Муқаддас Руҳ орқали кўра оларди. Шунинг учун ҳам фарзийларни «илонлар зоти» деб атади. Аммо Исо Масиҳ унга яқинлашаётганида, у ғайритабиий, илоҳий бир зотнинг келаётганини кўрди. Яҳё, Исо Масиҳнинг юрагини кўриб турарди. У ҳеч қачон бундай соф ва гуноҳсиз юракни кўрмаган. Унинг солиҳлиги ва муқаддаслиги олдида ўзининг юраги ва софлиги ҳеч нарса бўлмай қолди. У ҳали Исонинг башорат қилинган Масиҳ эканлигини билмаса ҳам, Унга шундай деди: «- Мен Сенинг ҳузурингда чўмилиб имон келтиришим керак эди. Сен бўлсанг, менинг олдимга келяпсанми?» (Мат 3:14). Исо Масиҳ сувга чўмганидан кейин осмон очилиб, Муқаддас Руҳ кабутар кўринишида Масиҳга тушди.
Narrator 2 Буни бошқалар кўрганми, йўқми билмаймиз. Аммо Яҳё пайғамбар буни аниқ кўрган. Унда муқаддас руҳ бор эди. У илоҳий ҳодисаларни кўра оларди. Муқаддас Руҳ кабутар шаклида Исо Масиҳга тушганидан кейин осмондан: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан мамнунман» — деган овоз келди. Яҳё ва Исо Масиҳнинг атрофида турган одамлар бу овозни эшитишдими, йўқми, буни ҳам билмаймиз. Бироқ Яҳё буни аниқ эшитди. Одамларга бу балки осмоннинг гулдираши каби эшитилгандир. Аммо Яҳё уни ҳам кўрди ҳам эшитди. Яҳё чўмдирувчи Исо Масиҳнинг бунчалик пок ва муқаддаслигини кўргач, ўзининг камчилигини кўриб қолди. Аслида Масиҳ эмас, Яҳё чўмилиш учун Унинг олдига келиши керак эди. Бунга Масиҳ эмас Яҳё муҳтож эди. Худди шу каби, биз ҳам Масиҳга яқинлашсак, бизга нима кераклигини англаб оламиз. Бизга керакли бўлган нарсани эса Масиҳ бера олади.