Narrator 1 Ассалому алайкум, қадрдонлар. Бугунги суҳбатимиз Муқаддас Каломда зикр этилган, тасвирланган илоҳий зотлар ҳақидадир. Бу зотларнинг аниқ кимлигини ҳозирча билмаймиз, бироқ суҳбатимизни диққат билан тингласангиз, бунга ўзингиз жавоб топиб оласиз. Бу илоҳий зотлар ҳақида биринчи марта Ибтидо китоби 6 бобда тилга олинган. Унда шундай дейилади: «Илоҳий Зотлар эса одамзод қизларининг жуда яхшилигини кўриб, истаганларини хотинликка оладиган бўлдилар. … Илоҳий зотлар одамзод қизлари билан аралашганидан сўнг улар учун бола туғдилар. Ўша замонда ва кейинроқ ҳам ерда баҳодирлар насли бор эди. Булар қадим замоннинг қаҳрамонлари деб шуҳрат топганлар» (Ибт 6:2,4). Муқаддас Каломда бу илоҳий зотлар фариштага ўхшаш, номаълум самовий мавжудотлар дея таърифланади.
Narrator 2 Бу биринчи фараз. Каломда илоҳий зотлар ҳақида яна бошқа маълумот ҳам бор. Худо билан мулоқотда бўлган кўпгина пайғамбарлар ҳам илоҳий зотларни кўрганлар. Масалан, Дониёр пайғамбарни дўстлари билан оловга ташлаганларида, у ерда учта эмас, тўртта навқирон йигитнинг турганини кўрганлар. Улардан бири илоҳий зот эди. Унинг кимлиги аниқ эмас, бироқ у ярқираб турадиган, нур сочиб турган бир зот эди. Қайси пайғамбар илоҳий зотлар ҳақида гапирмасин, ҳаммаси бир овоздан у зотларнинг ярқироқ эканини таъкидлайди. Езекиел пайғамбар ҳам бу ҳақида шундай ёзади: «Ўн учинчи йилнинг тўртинчи ойи, бешинчи кунида бошқа асирлар билан бирга эдим. … Мен қараб шимол тарафдан тўфон келаётганини ва жуда ҳайбатли булут ичидан чақмоқ чаққанини кўрдим. Бу чақмоқдан таралаётган нур жуда ёрқин эди.
Narrator 1 Оловнинг ўртаси худди ёнаётган металга ўхшарди. Оловнинг ўртасида эса тўртта тирик жонзод бор эди. Кўринишидан улар инсонга ўхшарди, аммо ҳаммасининг тўрттадан юзи ва икки жуфтдан қанотлари бор эди. Оёқлари тик ва пастки қисми худди алангалаётган бронзага ўхшарди. Қанотлари остида эса худди инсонларникидай қўллари бор эди. Тўртови ҳам тўрт тарафга қараб кетди. Уларнинг юзлари мана шундай эди: тўртта жонзоднинг ҳар бирида, инсон юзи бор эди. Ўнг томонида эса шернинг юзи бор эди. Чап томони эса буқанинг юзига, ва яна ҳар бирида бургут юзи ҳам бор эди. Уларнинг юзлари шундай эди. Бир жуфт қанотлари икки томонга кенг ёйилган, яна бир жуфти билан эса таналарини ёпиб турарди.» Бу маълумотлар Езекиел пайғамбар китобидан олинган.
Narrator 2 Илоҳий зотлар ҳақида худди шундай маълумот Ваҳий китобида ҳам учрайди. Фақат Езекиел пайғамбар эмас, Исо Масиҳ осмонга кўтарилгандан анча ўтиб, севимли шогирди Юҳанно ҳам бир оролда эканида ваҳий кўрган эди. Ваҳийда айнан Езекиел пайғамбар тасвирлаган зотларга ўхшаш зотларни кўрган. Илоҳий зотлар Муқаддас Каломнинг қаерида, ким томонидан тасвирланмасин, уларнинг оловли, алангаланиб турган, ўта ёрқин деб тасвирлайди. Агар илоҳий зотларки шундай кучли порласа, Худовандимизнинг Ўзи қандай порлар экан. Унинг ёрқинлигига, муқаддаслигига қарашга ботинолмасак керак. Қадимда юқорида айтиб ўтилган илоҳий зотларни кўрган инсонлар ҳеч қачон бу кўринишни, бу ёрқинликни унутмаган бўлсалар керак. Кимда-ким шу зотларни кўрган бўлса, ҳаётлари тубдан ўзгариб кетган.