2:49

Руҳий ғалаба 202

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Азиз биродарлар, бугунги суҳбатимиз кўпчилик учун қизиқарли, деб ўйлайман. Сабаб, ўйлайманки, сабабини ҳозирги айтадиган гапимдан сўнг ўзингиз тушуниб оласиз. Агар кимнингдир масиҳийча ҳаёти уйда ҳам, кўчада ҳам ўзгармаган бўлса, аввал қандай бўлган бўлса ҳозир ҳам шундайлигича ўзгармай қолган бўлса, ўйлайманки, у биродар бошқатдан тавба қилиб Худодан кечирим олиши керак.Хар бир инсон ўзини текшириб кўриши лозим.

Чунки унинг олдинги қилган тавбаси табий ва ҳақиқий равишда бўлмаган. Ҳар бир инсон тавба қилганидан сўнг нафақат унинг ҳаракатлари, балки гапирадиган гаплари ҳам, қилиқлари ҳам, энг муҳими унинг руҳи ва характери, қолаверса ўзи тубдан ўзгариши керак. Азиз биродарлар, тавба қилган инсон масиҳийлик ҳаёти давомида қандайдир гуноҳ қилишда давом этаверса, демак, у шу гуноҳнинг қулига айланган. Шу инсон гуноҳ қилиб, ўзи билиб-билмай гуноҳга хизмат қилиб юрибди.

Инсон кимга бўйсуниб ўзини қулдек топшираётган бўлса, демак, инсон шу нарсанинг қулидир. Бундай ҳаёт эса масиҳий инсонга умуман тўғри келмайди. Худованд инсонни қутқарган пайтда, уни тубдан ўзгартиришга ваъда қилади. Албатта бундай ўзгаришни биринчи галда инсонни ўзи ҳам хоҳлаши зарур. Римликларга китобининг 8 боби 29 оятини биргаликда ўқиб кўрамиз: “Худо азалдан билган кишиларни Ўз Ўғлининг суратига айлантириш учун белгилади, токи Ўғил кўп биродарлар орасида Тўнғич бўлсин”.

Бундан ташқари яна Филиппияликларга мактубининг 1 боби 6 оятини ҳам ўқиб кўрамиз. Қани, у ерда биз учун қандай гаплар айтиляпти? “Худо сизларда бошлаган ҳайрли ишини то Исо Масиҳнинг келадиган кунигача тамом қилишига аминман”. Худованд томонидан амалга оширилаётган мана шу ишлар инсонлар учун кўрсатилаётган марҳаматдир. Ҳақиқатдан ўзгаришни истаган инсоннинг юраги Раббимиз Исо Масиҳнинг юраги каби ўзгариши керак. Албатта бу бир кунда бўлиб қоладиган иш эмас. Азизлар, Худованд тошни хам нонга айлантира олади. Унга имконсиз нарсанинг ўзи йўқ.

Лекин шу билан бирга кўп йилларга чўзилиши ҳам керак эмас. Солиҳлик учун курашаётган биродарлар нафақат “Худога тегишлиман” деган гапни айтишлари керак, улар кундан кунга Раббимиз Исо Масиҳга ўхшаб боришлари керак. Худованд барчамизни тубдан ўзгартиришини тилаб, сиз азиз радио тингловчиларимиз билан хайрлашаман. Шу билан бирга сиз, азизларга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизни манзилини ҳам эслатиб ўтсам: www.najot.com сайтимизга мархамат қилинг. Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top