Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз қаршисида дийдор учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиосининг эшиттиришларидан бири. Азиз биродарлар, бизнинг мамлакатимизда кичик уй жамоатларининг кўпайиб бораётгани, албатта, қувонарли ҳол. Аниқ бўлмаган статистика маълумотларига қараганда маҳаллий масиҳийларнинг сони охирги икки йил давомида беш юзтадан мингтага кўпайган. Бу дегани, албатта, кичик уй жамоатлари бир жойда тўхтаб қолмаяпти деган маънони билдиради.
Шу қувончли ҳолатлар билан бирга кичик уй жамоатларининг ўзига яраша кичик муаммолари ҳам мавжуд. Биринчидан, кичик уй гуруҳларини бошқарадиган хизматчиларнинг етишмаслиги бўлса, иккинчидан — давлат томонидан бўлаётган қаршиликлардир. Мана шу икки муаммо ўзаро бир-бири билан боғлиқлик жойи бор десак муболаға бўлмайди. Келинг азиз биродарлар, ушбу муаммолар ва уларнинг қандай боғлиқлик жойи борлиги тўғрисида икки оғиз гапириб ўтсак. Албатта, буларга тўхталишимизнинг ўзига яраша сабаби мавжуд. Бугун ушбу мавзуни ва долзарб муаммоларни тинглаб кўрганингиздан сўнг, уларнинг ечими ҳақида ибодат қиласиз деган мақсадда сиз, азизларга мурожаат қилмоқдамиз.
Биринчидан, давлат томонидан масиҳийликка ва умуман динга бўлаётган айрим қаршиликлар кўпчилик биродарларнинг юрагига қўрқув солиб қўймоқда. Албатта, кичик уй гуруҳларининг кўпчилик хизматчилари ёшларни ташкил этади. Бу дегани, улар ўзларига яраша ҳар хил давлат ўқув масканларида ўқийдилар ёки бўлмаса ишлайдилар дегани. Ёшларимиз бундан ўн-ўн беш йил илгарги ёшлардан бутунлай фарқ қиладилар. Балки шунинг учун бўлса керак, улар ўзларининг ҳаётлари ва келажаги ҳақида қайғуришади. Албатта кимдир айтиши мумкин: Худованд улар ҳақида қайғуради, улар фақат хизмат қилишлари керак, деб. Бу ҳам нотўғри гап эмас. Лекин ҳеч кимни мажбурлаб хизмат қилдира олмаймиз.
Худованднинг Ўзи кимнинг юрагига хизмат қилиш ҳақида гапирсагина шу биродар: лаббай, деб хизматга табий равишда отилиб чиққани маъқул бўлса керак, деб ўйлаймиз. Хизматчиларнинг етишмаслигининг битта сабаби мана шунда, деб ўйлаймиз. Бундан ташқари ҳали барча кичик уй жамоатлари шогирд тайёрлаш қанчалик муҳим масала эканлигини тушуниб етмаяпти, деб айтишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам мамлакатимиздаги кичик уй жамоатларининг долзарб муаммолари асосан шу иккаласи, деб айта оламиз. Азиз биродарлар, биз кичик уй жамоатлари қанчалик бошқа уй гуруҳлари билан алоқамизни кучайтирсак, шунчалик тажрибаларимиз ортиб боради. Бу дегани, кичик уй жамоатларининг сони янада ортади деганидар.
Ушбу масалада Худованд барчамизга ёр бўлсин. Азиз биродарлар, бизнинг интернетдаги сайтиизнинг манзили: www.najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр соғ саломат бўлинг, азиз радио тингловчилар.