Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиосининг навбатдаги эшиттиришларидан бири. Азизлар, сиз билан шундай эфир орқали бўлса-да дийдор учраша олганимиздан Худовандимизга миннатдормиз. Келинг, бугунги мавзумизни бошласак. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бугунги кичик уй гуруҳлари мавзумизни шогирдлик мавзусига бағишласак. Ўтган эшиттиришларимизнинг бирида шогирд орттириш масаласига бироз тўхталиб ўтган эдик. Уй гуруҳларида шогирд тайёрлаб, яна бошқа кичик гуруҳларни ташкил қилиш жуда муҳим масала ҳисобланади.
Шогирдларни қаердан топиб, қандай қилиб тайёрлаш мумкин? Албатта, ўзингиз бошқариб турган уй гуруҳидаги биродарлар орасидан топиш мумкин. Энг муҳими, сиз тайёрламоқчи бўлган шогирдингиз ишончли ва имонда мустаҳкам биродар бўлгани яхши. Кўпинча биз хизматчилар ўйлаймизки, хизматчи бўлиш учун бир неча йиллар керак бўлади, деб. Бу ҳар доим ҳам шундай эмас. Албатта, бу менинг шахсий фикрим. Кимдир имонга келганидан кейин бир неча йиллар ичида етук хизматчи бўлиб мустаҳкам имонга эга бўлади. Лекин Худованд айрим биродарларимизни қисқа вақт ичида ҳам етук хизматчи қила олиши мумкин.
Ҳаворий Павлус ўзининг мактубларида хизматчилар қандай бўлиши мумкинлигини ёзиб ўтган эди. Муқаддас каломга асосланиб хизматчи тайёрласак, ўйлайманки, адашмаймиз. Азиз биродарлар, сиз тайёрламоқчи бўлган шогирдингиз билан доимо учрашиб биргаликда ибодат қилинг. Шогирдингиз билан зарур бўлган мавзулар бўйича ҳафтада бир марта, керак бўлса ва вақтингиз етарли бўлса икки марта дарслар ҳам олиб боришингиз мумкин. Бутун уй гуруҳингиз Худовандни олқишлаш учун йиғилганида, шогирдингизга баъзи хизматларни бериб, уни ҳам иштирок этишига имкон беринг. Аста-секин воизлик қилиши учун ҳам ёрдамлашинг. Ўйлайманки, қайси мавзуда воизлик қилишни ўзингиз гуруҳнинг муҳтожлигини ҳисобга олиб тайёрлашингиз мумкин.
Ҳурматли биродарлар, агар мен ўзимининг тажрибамдан келиб чиқиб гапирадиган бўлсам, шогирдлар учун энг қулай мавзу бу — севги ҳақидаги воизлик. Бу мавзуни биз энг муҳим ва нейтрал мавзу, деб айтишимиз мумкин. Шогирдингизни доимо қўллаб- қувватлашни асло ёдингиздан чиқарманг. Имкон борича унинг оиласига бориб, янада яқинроқ бўлишга ҳаракат қилинг. Ҳурматли биродарлар, сизнинг хизматингиз Худованд учун жуда муҳим. Яна бир нарса: шогирд устоздан ўтади деган нақл бор. Агар сизларнинг орангизда ҳам шундай бўлса, бундан фақатгина хурсанд бўлинг. Бу — сиз эккан дарахтнинг меваси эканлигини кўриб хурсанд бўлинг. Худованд сизга янада буюкроқ хизматни тайёрлаб қўйганини ёдингиздан чиқарманг. Шунинг билан азизлар, бўгунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.