Ассалому алайкум “Дилкаш” радиосининг доимий мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да дийдор учрашганимиздан жуда миннатдорман. Азизлар, келинг руҳий ғалаба мавзусидаги эшиттиришимизни давом эттирамиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, 1 Коринфияликларга мактубининг 16 боби 13 оятини биргаликда ўқиб кўрсак: “Ҳушёр бўлинглар, имонда собит туринглар, жасоратли ва кучли бўлинглар”. Азизлар, ушбу оят Худованд томонидан ҳар бир масиҳий биродарга қарата айтилган жуда муҳим гапдир. Яъни бу дегани, биз масиҳийлар Худованднинг каломи орқали доимо мустаҳкамланиб боришимиз кераклигини англатади. Азизлар, агар ёдингизда бўлса, кўплаб коринфияликлар турли таълимотларга берилиб кетишган эди.
Улар юқоридан Худованд томонидан берилган асосий таълимотда мустаҳкам туриш ўрнига турли инсонавий таълимотларга берилиб, барчасини қориштириб ташлаган эдилар. Ёлғон таълимотларни ҳам улар худди тўғри таълимот каби тан олишиб, ибодатхоналарда ва масиҳий инсонлар орасида тарқатиб боришган эдилар. Албатта, ёлғон таълимотларни фарқлай оладиган инсон ушбу бўлиб ўтган воқийликни қоралаши ва шунга ўхшаш таълимотларни тарқатадиган инсонларнинг устидан бемалол Худовандга арз қилиши мумкин. Худованд албатта Ўз каломини бузилиши учун асло йўл қўймайди. Ҳурматли биродарлар, масиҳийлик ҳаётимиз даврида кўплаб адашишлар бўлиши мумкин. Лекин ҳеч ким таълимот борасида адашмаслиги керак. Сабаби, бирон-бир ёлғон таълимот инсонлар орасида илдиз отадиган бўлса, бундай илдизни қирқиб ташлаш анча мушкул бўлади.
Ҳурматли радио тингловчи, келинг Муқаддас каломдан яна бир оятни биргаликда ўқиб кўрамиз. 2 Тимутийга мактубининг 3 боби 16 ояти: “Ҳар бир Муқаддас Ёзув илоҳий илҳом билан ёзилган бўлиб, таълим бериш, далолат қилиш, тузатиш, солиҳлик йўлида тарбия бериш учун фойдалидир”. Коринфияликлар масиҳийлик билан мажусийликни қориштириб ташлаган эдилар. Энг ачинарлиси шунда эдики, улар мажусийликка ҳос бўлган, экстаз ва транс ҳолатлари ва шунга ўхшаш оғир ҳолатларни ўзларининг урф-одатларига ва имонлиларнинг орасига ёриб киришларига катта йўл очиб беришганди. Қисқаси, масиҳийликка ҳос бўлмаган ачинарли ҳолатлар уларнинг урф-одатларига айланиб бораётган эди.
Азизлар, ушбу ҳолат бўйича ҳаворий Павлус нима ишларни амалга оширди деган муҳим савол туғилади. Албатта ҳозирги кунда бўлаётгандек, у барча катта хизматчиларни ўргатиш учун турли ўқув семинарлари ташкил қилмади ёки уларни ўргатиш учун қайсидир иниститутларга жўнатмади. Ҳаворий Павлус Коринфиялик масиҳийларга бир гапни қайта-қайта айтарди. Азизлар, имонда мустаҳкам бўлинглар деб, бугунги имкониятдан фойдаланиб биз ҳам сиз азизларга Павлуснинг ушбу гапларини баралла айтмоқчимиз. Раббимизнинг қайта келиши учун бир оз яна бир оз вақт қолди. Ҳурматли тингловчи, сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамизни манзилини айтиб ўтмоқчиман: dilkash@najot.com Cиз азизлардан ушбу манзилимизга мактублар йўллашингизни сўраб қоламиз. Хайр, саломат бўлинглар.