Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлса-да яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Азиз биродарлар, марҳамат тинглаб дам олинг — эфирда “Дилкаш” радиоси. Азиз биродарлар, ҳар бир имондаги киши ибодат қилган пайитда аниқ нарсалар ҳақида ибодат қилиши керак. Бу жуда муҳим. Сизлар билан Эфесликларга мактубининг 6 боби 18 ояти ҳақида кўп бора суҳбатлашган эдик. Азизлар, бугун яна шу оятга қайтишимизга тўғри келади. Келинг, ушбу оятни биргаликда ўқиб яна бир бор ёдимизга олайлик: “Ҳар турли дуо ва ёлворишлар билан, Муқаддас Руҳ илҳоми билан ҳар доим ибодат қилинглар. Ибодатда ҳушёр ва саботли бўлиб, барча Худонинг азизлари учун илтижо қилинглар”. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, мана шу оятдаги “ёлворишлар” деган сўзни грек тилидаги маъноси шуни билдирар эканки, аниқ нарсалар ҳақида Худога ёлвориш маъносини беради. Ўзи аслида нима учун аниқ нарсалар ҳақида Худога ибодат қилиш керак? Бу нарса шартми?
Деган саволлар туғилиши мумкин. Оддийгина қилиб Худога ибодат қилиб қўйса бўлмайдими? Тўғри азиз биродарлар, Худованд солиҳларнинг ибодатларини доимо эшитади. У шу пайтгача ҳам ҳар биримизн ибодатларимизни эшитиб келяпти. Албатта, Худованд Ўзининг фарзандларини нимага муҳтожликлари ҳақида биздан кўра яхшироқ билади. Шундай бўлсада, У ўз оғзимиздан илтижо ибодатларини эштишни ва Ўзининг қудрати ила ҳар биримизни муҳтожликларимизга ёрдам беришни истайди. Мени ўқитган ўқитувчиларимдан бири айнан конкрет ибодат ҳақида ўзининг бошидан кечирган оддий бир мисолни келтириб бергани ҳозир ёдимга тушиб кетди. Келинг азизлар, ушбу оддий воқеани сизга ҳам сўзлаб берсам. У киши хизматга шошилаётган эди. Бекатга бориб автобус кутишни бошлади ва: “Худойим, тезроқ автобус келсин”, деб ибодат қилди. Автобус келди, лекин бекатда тўхтамай ўтиб кетди. Шунда биродаримиз: “ Худойим, бошқа автобус келсин ва тўхтасин деб ибодат қилади”. Яна автобус келади, тўхтайди, лекин ичида одамлар кўплик сабабли у яна автобусга чиқолмади. Шундагина биродаримиз Худога аниқ ибодат қилишни ўрганади. У: “Худованд, автобус келиб тўхтасин ва мен автобусга чиқиб манзилимга соғ-саломат ва кечикмай етиб борай”, деб ибодат қилади ва учинчи ибодатидан сўнг Худованд унга ибодатида сўрагандай автобус жўнатди ва кечикмай ўз манзилига етиб борди. Азизлар, ушбу мисолимиз оддий кўринар, лекин ҳар биримизни кўп нарсага ўргатиши мумкин.
Азизлар, агар конкрет нарсалар ҳақида ибодат қилмасак, Худованд бизнинг ҳаётимизни қандай ишлаётганини кўрмаймиз. Айниқса ибодатларимиз руҳий бойлигимизни ошириш учун кўпроқ бўлиши керак. Албатта жисмоний тарафларимиз ҳам муҳим. Лекин биз яшаб турган дунёда руҳий жанг ҳамон давом этиб турибди. Ушбу жангда эса аниқ ибодат, соғлом руҳ жуда муҳимдир. Ҳурматли биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимизга якун ясамоқчиман. Бизнинг интернетдаги манзилимиз: www.najot.com Азизлар, вақт топиб албатта ушбу сайтимизга марҳамат қилинг. Ўзингизга ва биродарларингизга кўплаб керакли маълумотларни айнан шу манзилдан топишингиз мумкин. Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, омон бўлинг.