3:38

Руҳий ғалаба 222

MP3

Ассалому алайкум “Дилкаш” радиосининг доимий тингловчилари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, хонадонингизга тинчлик бўлсин. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, биз Худовандимизга ибодат қилганимизда, ибодатларимиз фақатгина бақир- чақирлардан ёки ёлвориб илтижо қилишдан иборат бўлиб қолмаслиги керак, аксинча бизнинг ибодатларимиз Худога маъқул даражада доимий ва тинимсиз бўлиши лозим. Албатта ибодатимизнинг маъноси бўлиши керак. Ахир дўстларимиз ёки ота-онамиз билан ҳам суҳбатлашганимизда, албатта қандайдир мақсад ёки масала бўйича суҳбатлашамиз. Ҳеч қачон ким биландир гаплашганимизда, ҳа майли, иш қилиб нимадир десам бўлди, оғзим тинмай гапириб турсам бўлди, деб маъносиз суҳбат қуришга ҳаракат қилмаймиз.

Ким билан бўлсада гаплашганимизда бизнинг суҳбатимизда баҳра олиши керак. Худованд билан орамиздаги ибодат мулоқати ҳам худди шундай, ҳатто ундан ҳам гўзалроқ маънолироқ бўлиши шарт. Ёдингизда бўлса, ҳаворий Павлус Эфесликларга мактубининг 6 боби 18 оятида шундай гапларни келтириб ўтган эди. Албатта мен ушбу оятдан айнан шу гапларни келтириб ўтмоқчиман: “Ҳар турли дуо ва ёлворишлар билан, Муқаддас Руҳ илҳоми билан ҳар доим ибодат қилинглар…”. Грек тилидан таржима қиладиган бўлсак, “ҳар доим ибодат қилинглар” деганини маъноси иккиланмай деган маънони билдирар экан. Аслида биз Худога ибодат қилганимизда оддий ва эркин ибодат бўлиши керак. Гўёки Худованд билан ёнма-ён туриб суҳбатлашаётгандай. Менимча, бу ерда табиий суҳбат деган иборани ишлатсам тўғрироқ бўлади, азиз тингловчи. Ҳа, Худованд билан бўладиган мулоқатимиз табиий бўлиши керак.

Ахир суний нарсаларни кўпчилигимиз ёқтирмаймиз. Масалан, мен шахсан суний гулларни умуман ёқтирмайман, сабаби, улар ҳақиқатдан ҳам чиройли, лекин минг афсуски, асло уларда ҳеч қандай ёқимли ҳид йўқ. Бизнинг ибодатларимиз ҳам шунга ўхшаб қолмаслиги керак демоқчиман. Азиз биродарлар, Худованд билан доимо ибодат орқали гаплашиш ҳар биримизнинг имонимизни ва руҳимизни доимо мустаҳкам қилиб туради. Бу эса ҳар қандай руҳий жангда ҳам мустаҳкам имон билан жанг олиб бора оламиз деганидир. Ҳаётимиз давомида ибодат доимо бизга ҳамроҳ бўлиши керак. Ибодат қилмаган биродар гўё овқат емай, силласи қуриб бораётган инсонга ўхшаб қолади. Шунинг учун ҳам ибодат қилинг. Азиз биродарлар, агар ўзингиз танимаган, ҳатто кўрмаган биродар ҳақида унинг муаммолари ҳақида хабар топсангиз у учун ибодат қилинг, албатта сизнинг ибодатингизни қандай кучга эгалигини у ҳис қилади. Сиз эса кимгадир ёрдам қўлини чўзганингиз учун юрагингизда тинчлик ва ором топасиз. Азиз биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда .

Мен эса сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини эслатиб ўтмоқчи эдим. Манзилимиз: dilkash@najot.com Азиз биродарлар, бизнинг ушбу манзилимизга ўзингизни таклиф ва истакларингизни ҳамда ибодат муҳтожликларингизни ёзиб юборасиз деган умиддаман. Ҳозирча эса хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top