Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. “Дилкаш” радиоси яна сизлар билан, марҳамат, тингланг. Азиз биродарлар, барчамиз нон синдириш кечаси ҳақида яхши тушунчага эгамиз. Бошқачароқ айтадиган бўлсак, баъзи биродарларимиз қутлуғ кеча ҳам деб айтишади. Дарҳақиқат бу қутлуғ кечадир. Раббимиз Исо Масиҳ бизнинг ҳаётимиз, умидимиз ва имонда тура олишимиз учун асосдир. Раббимиз Исо Масиҳда бизнинг руҳий ҳаётимиз барпо этилади.
Айниқса Унинг биз гуноҳкорлар учун Ўзининг азиз ва муқаддас қонини тўккан ўлими орқали ҳар биримиз Раббимиз Исо Масиҳда ўсиб униб бормоқдамиз. Азизлар, Раббимиз Исо Масиҳ қутлуғ кеча ҳақида Ўзининг шогирдларига амр берганида, Унинг издошлари доимо Раббимизнинг хочдаги ўлимини эслаб ёдларида тутишини назарда тутган эди. Исо Масиҳ ҳар бир инсон учун Ўзининг Муқаддас танасини қурбон қилиб қонини тўкди. Мана шу тўкилган қон эвазига бугунги кунда инсонлар тирик яшамоқдалар. Биз масиҳийларнинг имонимизни мағзи ҳам айнан шу жойдадир.
Азиз радио тингловчи биродарлар, қутлуғ кечада бошқа биродарлар билан иштирок этарканмиз, шуни яхши англаб етишимиз керакки, ҳар бир масиҳий ҳар томонлама Раббимиздан қарздормиз. Қутлуғ кечада иштирок этганимизда, айниқса қуйидаги нарсаларга эътибор беришимиз керак. Биринчидан, Унинг биз гуноҳкорларни севиб, биз учун хочда ўлгани учун миннатдорчилик билдиришимиз керак. Иккинчидан, ҳар доимо Унинг ўлимини эслаб масиҳий ҳаётимизни янгилаб ўсиб боришимиз керак. Учинчидан, агар қандайдир гуноҳ содир этган бўлсак, кечирим сўраб тўлиқ юрагимизни муқаддас қилишини сўрашимиз керак. Тўртинчидан эса, бизнинг гуноҳларимизни доимо кечириб, бизга тўғри йўл кўрсатаётгани учун Уни исмини улуғлашимиз керак.
Бешинчидан, Раббимизга муносиб яшаш учун ва келажакда ҳам Унга содиқ бўлиш учун Ундан куч сўрашимиз керак. Ва энг охирги олтинчиси эса, доимо руҳан тўлиб- тошиб барча Унинг халқлари билан бирлашиб хизмат қилишдир. Раббимиз охирги маротаба Ўзининг шогирдлари билан қутлуғ кечани яҳудийларнинг Фисиҳ байрами арафасида ўтқазгани ҳар биримизни ёдимизда. Ҳозирги кунда ҳам барча биродарлар ўзларининг жамоатларида биргаликда ушбу маросимни давом эттириб келишмоқда. Ушбу кечани қандай ўтқазиш ҳар бир жамоатнинг ўзига боғлиқ, муҳими, Раббимизнинг биз учун қурбон қилган танасини ва тўккан муқаддас қонини эслашдир. Раббимиз Исо Масиҳ биз учун қурбон бўлди. Биз марҳаматга эга бўлишимиз учун ва Унинг ўлими мевасидан татиб Унга муносиб ҳаёт кечиришимиз учун Худованд Ўзининг ягона Ўғлини шундай қурбонликка юборган эди. Азиз биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азиз биродарларимизга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини яна бир бор эслатиб ўтишни ўзимга жоиз деб биламан: www.najot.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.