3:38

Худонинг сўзи 143

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио тингловчи биродарларимиз билан радио тўлқинларимиз орқали яна дийдор учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, ҳозирги кунда турли семинар ва конференциялар ҳар куни бўлиб туради десак муболаға бўлмайди. Ана шундай учрашувларда кўпчилик биродарлар кимгадир дарс беришни ва ниманидир ўргатишни жуда истайди. Қисқача айтадиган бўлсак, ҳар бир масиҳий ўқитувчи бўлишни жуда-жуда истайди. Лекин кимлар дарс бериши мумкин деган муҳим савол пайдо бўлиши муқаррар. Азиз радио тингловчи биродарлар, агар ҳаворийлар мактубининг 14 боби 13 бобини ўқиб кўрсак кўп нарса ойдинлашади, деб ўйлайман. Шундай экан келинг, биргаликда ушбу оятни ўқиб кўрамиз: “Ҳар бир имонлилар жамоати учун оқсоқоллар тайин этдилар. Рўза тутиб, имонлиларни дуо қилиб, Раббимиз деб қаттиқ ишонишган Исо Масиҳнинг қарамоғига уларни топширдилар”.

Ҳаворий Павлус ҳар бир жамоатлар учун оқсоқоллар тайинлаган эди. Сабаби, улар жамоат раҳбарлари ва ўқитувчилари бўлиши учун. Лекин ушбу раҳбарларнинг яна бир асосий вазифаси бор эди. Улар ўзларининг қўл остидаги жамоат аъзоларини ташқи томондан бўладиган турли ҳужумлардан ҳам ҳимоя қилишлари керак эди. Ҳаворийларга мактубининг 20 боби 28 оятида шундай ёзилади: “Ўзингизни ва Муқаддас Руҳ сизларни назоратчи қилиб тайинлаган барча жамоатни кўз-қулоқ бўлиб эҳтиётланглар. Сизлар чўпонлик қилаётган ушбу сурувни Раббимиз Исо Ўз қони эвазига сотиб олган”.

Азиз биродарлар, биз юқорида кўпчилик ўқитувчи бўлишни орзу қилади, деб айтиб ўтган эдик. Лекин ўқитувчилик инъоми ҳаммага ҳам берилмайди. Ҳатто кимдир оқсоқол бўлиши мумкин, лекин ўқитувчилик қила олмаслиги мумкин. Чунки ўқитувчилик инъоми бу нозик инъомлардан бири ҳисобланади. Римликларга мактубидан бир оятни келтириб ўтсак: “Агар хизмат инъоми бўлса, хизмат қилсин, агар муаллимлик инъоми бўлса, таълим берсин”. Албатта ҳар бир инъоми бор биродар ўзидаги инъомини тўлиқ ишга солиб Раббимиз учун астойдил хизмат қилиши керак. Ҳурматли биродарлар, Худованд ҳар бир имонлига ўзига яраша инъомлар ато этган. Балки орамизда ҳали ўз инъомини қандайлигини билолмай юрган биродарлар бўлиши мумкин. Шундай биродарлар бўлса, бизнинг оддий маслаҳатимиз бор. Албатта биринчи галда Худовандга ибодат қилиб айнан ўз инъомингиз нима эканлигин Ундан сўранг.

Рўза тутиб жамоатингиздаги биродарлар билан инъомлар ҳақида ўртоқлашишингиз мумкин. Агар сизда ҳеч кимга сезилмайдиган кичкина инъом бўлса ҳам ҳеч хафа бўлмай ўз хизматингизни давом эттираверинг. Бундай инъомлар Худонинг кўз ўнгида жуда қадрли. Азиз биродарлар, ҳар бирингизга Худованд керакли инъомларни ато этсин, деб сизлар билан хайрлашмоқчи эдим. Хайрлашишдан аввал сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини яна бир бор эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Азизлар, сизлардан келадиган ҳар бир мактуб биз учун жуда қадрли. Ўз фикр ва мулоҳазаларингизни ва радиомиз ҳақидаги таклифларингизни албатта бизга йўллайсиз деган умиддаман. Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top