Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали ғойибона учрашиб турганимиз учун Худовандга шукуроналар айтамиз. Азизлар, сиз билан яна кичик уй гуруҳлари ҳақидаги мавзумизни давом эттириш ниятидамиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сиз билан кичик уй жамоатлари ҳақида ва гуруҳда шогирдлик тўғрисида кўп бора суҳбатлашган эдик. Азизлар, ўзимиз хизмат қилаётган гуруҳнинг ўсиб униши учун қилаётган ҳар бир хизматимиз Худованд томонидан албатта тақдирланади. Лекин, азизлар, шуни ёдимиздан чиқармаслигимиз керакки, бу бизнинг кучимиз билан содир бўлмади.
Нимагаки эришган бўлсак, албатта бу Худованднингбиз учун берган марҳамати. Албатта, гуруҳда шогирд тайёрлаётган бўлсак, шуни билишимиз керакки, бу Раббимиз Исо Масиҳнинг шогирдларидир. “Мен Масиҳга қандай эргашсам, сизлар ҳам менга шундай эргашинглар”. 1Коринфияликларга мактубининг 11 боби 1 боби. Азиз биродарлар, худди шунга ўхшаш гапни ҳамма ҳам айта олмайди. Чунки биз инсонлар худди Раббимиз Исо Масиҳдек мукаммал ҳаёт кечира олмаймиз. Шогирдларимиз ҳам бизнинг шогирдларимиз эмас, балки Раббимиз Исо Масиҳнинг шогирдларидир.
Бизнинг мақсадимиз эса, албатта шогирдларимизни Раббимизга ўхшаб тарбиялашдан иборат бўлиши керак. Азизлар, ҳеч қачон бошқа инсонларга тақлид қилманг, айтмоқчимизки, инсонларга ўхшашга ҳаракат қилманг, аксинча доимо Исо Масиҳга эргашинг. Доимо Унга ўхшашга ҳаракат қилинг. Шогирдларингизни ҳам худди шундай тарбияланг. Кўпинча шогирдлар ўзларининг устозларига ўхшашга ҳаракат қилишади. Шундай тақлид қилишни сезсангиз, барчамиз оддий гуноҳлари кечирилган инсон эканлигимизни уларга эслатиб туринг.
Азиз биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ каби ўсиб борайлик. Ҳар бир қадамимизни босганимизда Исога ўхшашга ҳаракат қилайлик. Ҳурматли устозлар, ҳозир жуда муҳим бир гапни айтмоқчи эдим. Ўз шогирдларингиз кўзи олдида асло ножўя иш қилманг, нафақат иш борасида, балки гап сўзларингизга ҳам жуда эътиборли бўлинг. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган гап бор. Шунинг учун шогирдларингизни тўғри, ўз фарзандингиз каби тарбиялашга ҳаракат қилинг.
Уларнинг ютуғи сизнинг ютуғингиз эканлигини тушуниб, доимо шогирдларингизни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинг. Шундагина Худованд сизни янада марҳаматлаб, ҳар бир хизматингизни эътиборга олади. Худованд доимо мағрурларга қарши, камтарларни эса доимо қўллаб-қувватлаган. Шогирдларингиз учун тинимсиз ибодат қилинг. Азиз радио тингловчилар, шунинг билан эшиттиришимизга якун ясаб, сизлар билан хайрлашмоқчи эдим. Ундан аввал эса сиз, азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз радио тингловчилар.