Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Бугунги сухбатимиз нафақат эрларимизнинг балки ўзимизнинг характерларимизни хам аниқлаб олишимизга ёрдам беради. Албатта эрларимизнинг характерини қанча яхши билсак, оилавий муносабатимиз учун шунча яхши. Бундан ташқари биз ўзимизнинг хам характерларимизнинг баъзи бир қирраларини билиб оламиз. Биз инсон табиатидаги баъзи характерларни қайта тарбиялай олмаймиз, чунки булар туғма бўлади. Бизнинг шахсимизни белгилаб берадиган тўрт турдаги темперамент бор. Биз мана шу тўрт темпераментнинг бирига тўғри келамиз. Хар бир темпераментнинг ўзига яраша кучли ва заиф томонлари бор. Агар сиз ўзингизнинг ва эрингизнинг қайси темпераментга тўғри келишини билсангиз, ўртада қайси масалалар бўйича келишмовчиликлар чиқишини олдиндан билишингиз мумкин. Сиз эрингизнинг кучли ва заиф томонларини яхшироқ билиб бошласангиз, у билан характерингиз ўртасида уйғунлик пайдо бўлади. Борди-ю эрингизнинг заиф томонларини билмасангиз, ундан ўша хислатлари учун аччиқланасиз. Сизнинг заиф томонларингиз билан эрингизнинг заиф томонлари тўқнаш келиб қолган пайтда келишмовчилик пайдо бўлади. Шунинг учун хам биз эримизнинг қайси темпераментга тўғри келишини билиб олишимиз керак. Юқорида айтиб ўтганимиздек тўрт тўрдаги темперамент бор. Биринчиси, Сўзамоллик, иккинчиси лидерлик, учинчиси, қонунчилик, тўртинчиси беғамлик. Бу темпераментли кишилар қандай сифатларга эга бўлишини эшитинг. Биринчиси Сўзамол темпераментли кишилар – Олға интиладиган, ихтирочи, тартибсиз, ёқимли, иродасиз, доимо ташвишланадиган, дўстона, масъулиятли, сергап, ишончсиз, бўрттириб гапиришни ёқтирадиган, ўзига ишончсиз, ва нихоят Хотамтой бўладилар. Иккинчиси лидерлик тепмераменли кишилар эса – совуқ, ўзгаларнинг хис туйғуларига бефарқ, қатъиятли, кучли иродали, эътиборсиз, мустақил, самарали иш қиладиган, қаттиққўл, кечирмайдиган, хокимликка интиладиган, қайсар, мағрур, ўзига ишонган, айёр, ва бошқарувчи хислатларга эга бўладилар. Қонунчи кишилар эса – қобилиятли, тунд қиёфали, салбий фикрлайдиган, мукаммалликка интиладиган, танқидчи, виждонли, қаттиққўл, содиқ, дидли, гиначи, қасоскор, бошқалар билан тез чиқишиб кетолмайдиган, ўзига талабчан кишилар бўлишади. Беғам кишилар эса – хотиржам, ювош, бепарво, ишёқмас, келишган, томошабин, худбин, хасис, бошқаларга қарам, қайсар, доим ўзини ўйлайдиган, қўрқоқ, тараққиёт душмани, пичинг қиладиган кишлар бўлади. Сиз ўша келтирилган жадвалдан эрингиз ва ўзингизнинг қайси турдаги темпераментли киши эканингизни билиб олишингиз ва шунга кўра эрингизнинг кучли ва салбий томонларига қараб муомала қилишингиз мумкин. Эрингиз учун бир зумда ёки қисқа вақт ичида яқин дўст бўлишингизнинг иложи йўқ. Бунинг учун бирга яшаш давомида унинг камчиликлари ва заифликларини ўрганиб боришингиз ва ўша камчиликларни тўлдиришга харакат қилишингиз керак бўлади. Яхши дўст бўлиш учун қатъият, сабр-тоқат, самимий мухаббат билан харакат қилиш керак. Сиз хаётингиз давомида эрингизга бўлган муносабатда шу хислатларни ишлатсангиз, аминманки, аста-секин унинг учун энг яхши дўст бўласиз. Муносабатларингиз хам мухаббатга тўла бўлади. Эрингиз сиз хақингизда « Сен энг, энг, энг яхшисисан”, дейишини истасангиз, юқорида айтилганларга амал қилинг. Унинг камчилигини тўлдиринг, яхши хислатларини юзага чиқаринг. Ўзига бўлган ишончини орттиринг. Хар доим, хар қандай холатда уни қаттиқ севишингизни, хурмат қилишингизни кўрсатинг. Сўз билан айтинг, ишларингиз билан кўрсатинг. Унинг хар қандай ёрдамини эътибордан қочирмай, ўз вақтида миннатдорчилик билдиринг. Сиз эрингизнинг характерини, нарсаларга бўлган муносабатларини ўрганиб бошласангиз, оилада бўладиган келишмовчиликларнинг хам сони камаяди. Сиз эрингиз учун энг, энг, энг яхши аёл бўла оласиз. Бунга ишончим комил. Мен буни эплай олмайман, деб хис қилганингизда Худовандни ёрдамга чақиринг. Сизнинг оилангизга асос солган Худованд унинг мустахкам бўлишини хам хохлайди. Унинг учун иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. Мен Лола эса сизга омад ва хаётингизга фаровонлик тилаб хайрлашаман. ОМОН бўлинг!