3:32

Маҳкам бўлинглар

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсизлар. Азизлар, Раббимиз билан бирга хаёт кечириш ажойибдир. У бизни шунча одамлар орасидан танлаб олди. Демак Отамизда бизга нисбадат бирон бир режа мавжуд. У бизни танлаб олган экан, демак У биз орқали хали кўп ишлар қилади. Худо билан бирга яшаш мазза, лекин У билан бирга хаёт кечириш осон эмас. У билан хаёт кечириш учун биз доим кучли ва имонда маҳкам бўлишимиз керак. Келинг, бу ҳақда Каломда нималар ёзилганини кўриб чиқсак. Солоникаликларга иккинчи мактубнинг иккинчи бобида қуйидаги оятлар битилган.

“Эй Раббимиз севган биродарлар, сизлар учун ҳамиша Худога шукр қилиш бизнинг бурчимиз. Чунки сизлар Муқаддас Руҳ орқали муқаддас қилиндингизлар ва ҳақиқатга имон келтириб, нажот топдингизлар. Ана шу мақсадда Худо азалдан сизларни танлади, Раббимиз Исо Масиҳнинг улуғворлигига эришишингиз учун, У биз тарғиб қилаётган Инжил Хушхабари орқали сизларни Ўзига даъват этди.

Шундай қилиб, эй биродарлар, маҳкам бўлинглар. Хоҳ оғзаки хабар, хоҳ мактуб орқали биздан олган ривоятларга риоя қилинглар. Раббимиз Исо Масиҳ ҳамда Отамиз Худо бизни севиб, раҳм-шафқат кўрсатди, бизга боқий тасалли ва порлоқ бир умидни ато этди. Унинг Ўзи кўнгилларингизни кўтарсин, ҳар қандай хайрли иш ва сўз учун қувват берсин.”(2Сол 2:13-17). Азизлар, имонда кучли ва одобда маҳкам бўлиш бизнинг бурчимиздир. Шуни айтиш жойизки, бунинг илгари иложиси бўлмаган эди, чунки биз илгари гуноҳ қулига айланган эди. Хозирда эса, бизда Худо бор, биз Худонинг муқаддас ойиласига мансубмиз. Худонинг Ўзи бизга энди куч, хохиш ва харакатни беради. Бу хаётда маҳкам бўлишни Худодан сўрасак, албатта У бундай чин юракдан айтилган ибодатни четда қолдирмайди. Бугун мен айнан шу ҳақда ибодат қилмоқчиман. Истасангиз, ибодатимга шерик бўлинг, чунки, биргаликда айтилган ибодат катта кучга эгадир.

Осмондаги Отажон, бизни севганинг учун рахмат. Буни билиш одамга янада хурсандчилик ато этади. Худойим, Сен бизни фарзандларинг қилиб танлаб олдинг. Сен бизни жуда ҳам севдинг. Лекин бу ёвуз дунё биздан нафратланди. Шу йўсин, бу дунё бизга хар қандай қийинчилик, васвасалар ва тўсқинликлар туғдиради. Лекин Сен Отамиз, бизни маҳкам қилгин. Бизга Ўзинг куч бергин. Бошимизга келадиган барча қийинчиликларни хурсандчилик билан қабул қилишни бизга ўргат. Сен Ўзинг кўнгилларимизни кўтаргин, ҳар қандай хайрли иш ва сўз учун қувват бергин. Хаёт қандай оғир бўлмасин, қандай қувғинлар келмасин, қандай қаршиликларга дуч келмайлик, Сен бизга Ўзинг қувват бергин. Муқаддас Руҳингни устимизга ёғдиргин. Устозимиз ва Юпатувчимиз бўлмиш Муқаддас Руҳинг юрагимиздан жой олсин. Хаёт ташвишлари бизни Сендан узоқлаштирмасин, аксинча, хар бир муаммони Сенинг ёрдаминг ва қувватинг орқали ечайлик. Худойим, Сенинг муқаддас исминг сўнги нафасимизгача муқаддас бўлсин. Биз биродарларни маҳкамлагин. Омин.

Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top