3:30

Бекор юришга йўл қўйманглар

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, бекорчи бўлиш сизга ёқадими? Бекорчи бўлиб ҳеч нарса қилмай, ҳеч нарсадан ғам чекмай хаёт кечириш кимга ёқмайди дейсиз. Лекин, бундай ҳаёт кўпгина ноҳушликларнинг сабабига айланишини кўпчилик ўйламайди. Кўпчилик ўз дангасалигига қул бўлиб, ўша дангасаликни жиловлаб олишга ожизлик қилади. Биз имонли ака ука ва опа сингиллар бундай хаётдан узоқлашимиз керак. Чунки бекор юриш бизнинг табиятимизга тўғри келмайди. Қизиқ, Муқаддас Калом бекор юриш ҳақида нима дейди? Келинг, Солоникаликларга иккинчи мактубнинг учинчи бобидаги оятларни кўриб чиқсак.“Эй биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ номи билан сизларга буюрамиз: биздан қабул қилган ривоятларга хилоф тарзда бекор юрган ҳар бир биродардан узоқлашинг. Биздан қандай ўрнак олишингиз кераклигини ўзларингиз биласизлар. Чунки биз орангизда бўлганда бекорчи эмас эдик. 

Ҳеч кимнинг нонини текин емасдик, бирон кишига оғирлигимиз тушмаслиги учун кечаю кундуз юмуш қилиб, заҳмат чекардик. Ҳаққимиз бўлмаганидан эмас, балки сизларга намуна бўлишимиз учун ва сиз биздан ўрнак олишингиз учун, шундай қилар эдик. Ёнингизда бўлганимизда: ким ишлашни истамаса, овқат ҳам емасин, деб буюрган эдик. Энди баъзиларингиз бекорчи бўлиб, ҳеч иш қилмай ҳовлиқиб юрганликларингизни эшитяпмиз. Бундай одамларга Раббимиз Исо Масиҳ номидан ўтинамиз ва буюрамизки, тинч ишлаб, ҳалол нон есинлар. Эй биродарлар, яхшилик қилишдан ҳориманглар”. (2Сол 3:6-13). Азизлар, кўпчиликнинг ўйлашича, агар Худога ишонилса, Худонинг ўзи хамма нарсани беради. Бу тўғри, лекин биздан харакат Худодан барокат деган ҳақиқат ҳам бор. Ҳар қандай дангасалик, ҳар қандай бекорчилик биз Худонинг азизлари учун душмандир.

Тушунган бўлсангиз, бугунги ибодатимни айнан шу мавзуга, яъни, бекорчи ҳаётдан узоқлашиш мавзусига қаратмоқчиман. Бу муаммо кўпчиликда бор. Кўпчилик бу муаммо билан курашишга харакат қилади. Лекин, бу муаммога қарши курашиш чин юракдан айтилган ибодат билан биргаликда амалга оширилса кони фойда. Чунки, Раббимиз бу муаммо бизда борлигини билишига ва бу муаммони бартараф этиш учун яхшироқ ва донороқ ечим беришига имоним комил. Ўз кучимизга ишониб иш тутишдан кўраси, қудратли Раббимизнинг иноятига ишониб иш тутишимиз яхшироқдир. Азизлар, мен ибодатимни бошлайман. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг, чунки бирга айтилган ибодат кучлироқ бўлади. Худойим, бизнинг севикли Отажонимиз, янги ва ажойиб хаётни берганинг учун рахмат. Энди хаммаси бошқадир. Энди хаммаси янгидир. Худойим, биз энди бу дунёга эмас, аксинча, Сенинг муқаддас ойиланга мансубмиз. Худойим, шундай экан, биз энди хаёт тарзимиз, юриш туришимиз бошқача бўлиши керак. Худойим, бизни бекорчи бўлишдан Ўзинг асрагин. Бизни пешона теримиз билан пул ишлашга, тинч ишлаб, ҳалол нон ейишимизга ёрдам бер. Дангасалигимизни хочга қоқиб қўяйлик. Сенинг мехнаткаш хизматкорларинг бўлайлик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top