Ассалому алайкум қадрли аёллар. Сизлар билан Ханна хикояси орқли Муқаддас Каломдаги хақиқатларни ўрганишни бошладик. Ўтган сафар Ханна хикоясини бошлаб қўйдик. Бугун эса ўша хикоянинг давомини эшитамиз. Ханнанинг оиласи хар йили Шилўдаги маъбадга боришар ваш у йўл билан улар Худованд ва ўзлари ўртасидаги муносабатни тиклаб, имонларини мустахкамлаб уйга қайтардилар. ХАр йили оила бу саёхатни интиқлик билан кутарди. Болалар катта бўлгач, бир бирларига ўтган галги саёхат давомида бўлган қизиқ воқеаларни айтишарди. Ота-оналари эса бу холатдан фойдаланиб, Худованд хақида ўргатиб, Худованд Исроил халқини қандай қутқаргани хақида сўзлар беришарди. Бу пайт фақат Худони улуғлаш пайти эмас, хаётнинг ташвишларидан бир оз дам олиш ва оиласи билан бирга бўлишга имконият хам эди. Қурбонлик қилингандан кейин бутун оила байрам қиларди. Ханнадан фарзанди бўлмаса хам Элқанна уни жуда севарди. Шунинг учун хар сафар унга базм пайтида гўштдан икки хисса кўпроқ берарди.
Бироқ Хана хар йилги саёхатни унчалик кутмасди. У Элқана ва Пенинанинг болаларига Худованд хақида ўргатаётганларини кўриб, ўзининг боласи йўқлигидан ўкинарди. У кундалик юмушлар билан ўзини чалғитар, бироқ фарзанд кўриш орзуси доимо хаёлидан кетмасди. ШУндоқ хам қийналиб турган Ханнага Пенина вақт топиб, Элқана йўқлигида унинг туғмаслигини юзига солиб, дилини оғритарди. Ханна чин дилдан Худога сажда қилишни хохласа хам йилдан йилга унинг дард-аламлари кўпайиб кетди. Шубхасиз оилавий саёхат давомида, ўзини зўрға йиғидан тўхтатиб, хатто томоғидан хеч нарса ўтмаган бўлса керак.
Ханнани бу холатда кўриш Элқанага хам қийин бўлган. У: «Нега хафасан? Нега хеч нарса емаяпсан? Мен ўзим сен учун ўнта ўғилдан хам афзал эмасманми?”, деган сўзлар билан унинг кўнглини кўтаришга харакат қилган. Ханна эрининг эътиборини қадрларди, бироқ эркак бўлгани учун Элқана Ханнанинг шармандагарчилигини, ғамини ва келажакка умидсизлигини тушунмасди.
Бир йили базм тугагандан кейин, Хана ўзининг бундай тақдирига бошқа чидай олмаслигини хис қилиб, ўрнидан туриб кетди. У маъбадга бориб, юрагидагиларини Худовандга тўкиб солди. У йиғлади, ибодат қилди- аммо ичидаги дард-аламларини ташқарига чиқармагани учун – овоз чиқариб йиғлай олмасди. Фақат унинг лаблари қимирларди холос.
Ханна йиғлаб, ибодат қилаётган пайтда балки, у ўзидан олдин ўтган оналар Соро, Ривқо ва Рохила хақида ўйлагандир. Чунки улар хам Худованднинг ваъдаси билан узоқ вақт бефарзандликдан сўнг, фарзанд кўрганлар. Ханна ХУдога ваъда берди: “Агар менинг қанчалик қийналаётганимни билсанг, менга ёрдам Бер. Агар менинг юрагимдан мана шу оғриқларни олиб ташласанг ва мени бефарзандлик уятидан халос қилиб, менга ўғил берсанг мен уни Сенга қайтариб бераман. У умри давомида сенга хизмат қиладиган бўлади. Мен уни бутунлай Сенга назр қиламан – у бутунлай Сеники бўлади, бошига устара тегмайди.”
Рухоний Эллах ўша куни маъбадда уни кузатиб турган эди. Балки у чин дилдан Худога ибодат қилган ва сажда қилган одамларни кўрмагандир. ШУнинг учун хам у Ханнани кўриши билан: “Бу аёл ичиб олган бўлса керак. У ўзни жуда ғалати тутяпти, йиғлаяпти-ю, овози чиқмаяпти” — деб ўйлади. Шунинг учун хам у Ханнанинг олдига бориб шу сўзларни айтди. Унга: «Ичишни тўхтат”, — деди. ХАнна ўз ибодатларига шунчалик берилиб кетган эди-ки, Худованднинг уйида ичаяпсан деган хақоратни хам хис қилмади. Чунки Худованднинг уйида ичиш жуда катта шармандагарчилик хисобланарди. У камтарлик билан: «О, йўқ хазратим. Мен ичмаганман. Фақат юрагим ғамга тўла. Мен Эгамга ибодат қилаётган эдим.” У шу сўзларни айтгач, рухоний уни бирорта ёмон аёл деб ўйламаслиги учун яна шундай деди: “Мени қандайдир гунохкор бир аёл деб ўйламанг. Юрагимда ғам-қайғуларим кўплигидан шунча кўп вақт ибодат қилдим.”
Рухоний Эллах бу аёл хақида нотўғри ўйлаганини билиб, уни дуо қилди. Унга: «Хотиржам бўл. Худованд сенинг илтижоингни бажо келтирсин. ” Ханна камтарлик билан унга рахмат айтиб оиласи олдига қайтди.
Азизлар сизлар хам Худога бутун қалбингиз билан ибодат қилган пайтингизни эслай оласизми? Ўша ибодатдан сўнг ўзингизни қандай хис қилгансиз? Худованд сизнинг ибодатингизга жавоб берганми? Кейинги сухбатимизда Ханна ўзини қандай хис қилгани-ю, ибодатига Худованд қандай жавоб бергани хақида эшитамиз. Кейинги сухбатимизга қадар ўзингиз хам бу хикояни синчиклаб ўқиб кўринг. Мен Лола эса сизларга сихат-саломатлик тилаб қоламан.