Ассалому алайкум азиз ака ука ва опа сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, сиз имонга келган экансиз, демак ҳаётингиз бутунлай Худога тегишли. Демак, ҳаётингиз бутунлай Худонинг муқаддас шоҳлигига тегишлидир. Лекин шунга қарамасдан ҳам, ҳаёт бизга ҳар ҳил қийинчиликларни келтиришда давом этади. Фарқи шундаки, илгари бу қийинчиликлар бизга бахтсизлик келтирган бўлса, энди эса буларнинг хаммаси ҳақиқат йўлида азоб чекишдир. Чунки ҳаётимиз энди ўзимизга эмас, аксинча, Севикли Худога тегишлидир. Ҳақиқат йўлида азоб чекиш ҳар бир масиҳий учун табиий ҳол бўлиши керак. Чунки биздан олдин яшаб ўтган ҳаворийлар, қолаверса Раббимиз Исо Масиҳ ҳам ҳақиқат йўлида азоб чеккан. Келинг, Каломда бу ҳақда нима ёзилганини кўриб чиқсак. Бутруснинг 1чи мактубининг учинчи бобида қуйидаги оятлар битилган.
Раббингиз Масиҳга юракларингиздан муқаддас жой беринглар. Дилингиздаги умид ҳақида сиздан ҳар бир сўраган кишига жавоб беришга доимо тайёр бўлинглар. Лекин буни мулойимлик ва эҳтиром билан бажо қилинглар, виждонингизни тоза тутинглар. Шундай қилиб, Масиҳ йўлидаги яхши юриш-туришингизни мазаммат қилганлар сизларни ёмонлаб айтган гапларидан уялсинлар. Агар Худонинг иродаси билан азоб чекишингиз лозим бўлса, ёмонлик қилиб азоб чекишдан кўра, яхшилик қилиб азоб чекиш афзалдир. Чунки Масиҳ ҳам бизни Худога яқинлаштириш ва гуноҳларимизни ювиш учун бир марта азоб чекиб, ўлди. Ўзи солиҳ киши бўлгани ҳолда, гуноҳкорлар учун қурбон бўлди. Унинг баданини ўлдиришган бўлса-да, Руҳи тирилди. Масиҳнинг Руҳи эса бориб, зиндонга қамалган руҳларга ваъз айтди. …. Сизлар ҳам сувга чўмиб имон келтирганингизда, Исо Масиҳнинг тирилиши туфайли нажот топдингизлар. (1Бутрус 3:15-22)
Азизлар, тушунган бўлсангиз, бугунги ибодатни айнан шу долзарб мавзуга қаратмоқчиман. Биз доим мана шу азобларга тайёр бўлишимиз керак. Хозир мен ибодат учун қўлларимни очаман. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг, чунки бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Отажон, Сенинг бағрингда бўлиш нақадар ажойиб. Бизни гуноҳ жаридан чиқариб олганинг ва бизга оқ кийимга кийинтирганинг учун рахмат. Худойим, биз энди Сенга тегишлимиз. Биз энди Сенинг хокимиятинг остида яшаймиз. Буни кўрган ёвуз дунё ва унинг хокими шайтон, бундан нафратланди. Бизни ўзига қайтариб олиш учун бел боғлаяпти. Худойим, бунга йўл қўйма. Ҳақиқат йўлида азоб чекаятганимизда бизга куч бер. Йиқилган жойимизда қайта туриб шағдам қадам ташлаб йўлимизда давом этишга Ўзинг ёрдам бер. Худойим, Сенинг ироданг билан азоб чекишга тайёр бўлайлик. Раббимиз юракларимиздаги энг юқори ва энг муқаддас жойни эгаллаб олсин. Ҳақиқат йўлида азоб чекиш пайтида Сенинг Муқаддас Руҳинг бизни донолигу севги билан тўлдирсин. Ҳеч қандай азоб укубат бизни Сендан узоқлаштирмасин, аксинча, Сенга яқинлаштирсин. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин.
Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.