4:04

Масиҳ билан азоб чекиш

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, бирор марта Масиҳ учун азоб чекканмисиз? Масиҳ учун азоб чекиш нимани билдиради? Келинг, буни билиш учун Бутруснинг биринчи мактубининг тўртинчи бобига назар солсак. Эй севганларим, сизларни синаш учун бошингизга келаётган оташли имтиҳонни ажиб воқеа деб, ҳайрон бўлманглар. Аксинча, Масиҳнинг қанча азобларига шерик бўлаётган бўлсангиз, шунча хурсанд бўлинглар! Шунда У шон-шараф ила осмондан тушиб зоҳир бўлгач, кўнглингиз яна кўпроқ қувончларга тўлади. Агар Масиҳ номи туфайли сизларни ҳақорат қилишса, бахтиёрсизлар! Чунки Худонинг Руҳи, шон-шараф Руҳи сизларда маскан қилади. Уларга қолса, Руҳни ҳақорат қиладилар, сизларда эса шарафланади. Сизлардан ҳеч ким қотил, ўғри, ёмонлик қилувчи ёки фитна-фасодчи бўлиб азоб чекмасин. Лекин агар бирор киши Масиҳий бўлгани учун азоб чекса, уялмасин, аксинча, бу ном билан Худони улуғласин.

Худонинг Ўз хонадонини ҳукм қилиш вақти аллақачон бошланди. Агарда биз биринчи навбатда ҳукм қилинадиган бўлсак, унда Худонинг Инжилига итоатсизлик қилганларнинг охирати нима бўлади? Сулаймон маталларида ёзилишича: «Агар солиҳ одам зўрға қутулса, Бетавфиқу гуноҳкорнинг аҳволи нима бўлади?» Шундай қилиб, Худо иродасига кўра азоб чекаётганлар яхшилик қилишга бел боғласинлар ва Ўз сўзига содиқ бўлган Парвардигорга жонларини бағишласинлар. Азизлар, Масиҳга эга бўлиш ажойиб. Чунки азоб чексак ҳам, биз Раббимизга эгамиз. Қанча қийинликларни бошимиздан кечирсак ҳам, Раббимиз бизни ташлаб қўймайди. Азизлар, мен шу мавзуда ибодат қиламан. Истасангиз менга шерик бўлинг.

Чунки бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Осмондаги Отажон, берган нажотинг ва қилган қурбонлигинг ажойибдир. Сенинг бизга бўлган севгингни ҳеч бир сўз билан ифода этишнинг иложиси йўқдир. Худойим, биз энди Масиҳга эгамиз. Шундай экан, биз энди Масиҳ учун азоб чекишга таёр бўлишимиз керак. Кунлар келадики, одамлар биздан юз ўгиради, бизга қарши чиқади. Лекин ҳеч қиси йўқ, чунки биз Масиҳга эгамиз. Масиҳнинг азобларига қанча шерик бўлсак шунча хурсанд бўлайлик. Худойим, Масиҳ номи туфайли бизни ҳақорат қилишса, хурсанд бўлайлик. Чунки Сенинг Руҳинг, шон шараф Руҳинг бизларда маскан қилмоқда. Худойим, биз қотил, ўғри, ёмонлик қилувчи ёки фитна-фасодчи бўлиб азоб чекмайлик, аксинча, Масиҳий бўлганимиз учун азоб чекайлик. Масиҳдан уялмай, бу ном билан Худони улуғлайлик.

Худойим, Сенинг ироданга кўра азоб чекаётганлар яхшилик қилишга бел боғлаб, Сен Парвардигорга жонларини бағишлашига таёр қилгин. Бунинг энди иложиси бор, чунки биз Масиҳга эгамиз. Биз энди бу дунёга эмас, аксинча Сен муқаддасга тегишлимиз. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин.

Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top