Ассалому алайкум азиз радио тингловчи ака-ука ва опа сингиллар. Ибодатган бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, муҳаббат сўзининг эшитганимизда нимани тушунамиз? Хеч муҳаббат тушунчаси устидан фикр юритиб кўрганмисиз? Келинг, бу саволга аниқ жавоб топиш учун Каломга, аниқроғи Юҳаннонинг иккинчи мактубига назар соламиз. У ерда қуйидаги оятлар битилган. “Муҳаббат – Худонинг амрларига амал қилишимиз дегани. Илоҳий амрнинг моҳияти эса, бошдан эшитганингиздек, муҳаббатга амал қилишимиздан иборат. Ваҳоланки, инсон вужудига кирган Исо Масиҳни тан олмовчи кўп алдамчилар жаҳоннинг ҳар тарафига ёйилиб кетганлар. Энг катта алдамчи – дажжол ҳам булар қаторида туради. Қилган меҳнатимизнинг маҳсулини йўқотмаслик ва ҳамма мукофотни олиш учун ўзингизга эҳтиёт бўлингиз. Ҳаддидан ошган, Масиҳ таълимотидан узоқлашган ҳар қандай одамда Худо йўқ.
Бу таълимотга амал қилган киши эса Отага ҳам, Ўғилга ҳам эга бўлади. Агар бирор киши олдингизга келиб бу таълимотни ўргатмаса, уни уйингизга киритманглар, унга салом ҳам берманглар. Чунки унга салом берган киши унинг ёмон ишларида иштирок этган ҳисобланади. Сизларга ёзадиган кўп гапларим бор эди-ю, аммо қоғозу сиёҳ билан ёзишни истамадим. Сизларнинг шодлигингиз тугал бўлсин, деб мен олдингизга бориб юзма-юз гаплашиш умидидаман. Омин. (2Юҳанно 6-13). Азизлар, кўриб турганингиздек, Муҳаббат бу Худонинг амрларига амал қилишимиз деганидир. Чиндан ҳам, фақат Худойимизнинг нажотини қабул қилгангина, муҳаббатнинг нақадар ажойиб эканини тушуна олади. Лекин муҳаббат аксинча, фақат сўзда эмас, балки амалда бўлиши керак. Бугунги ибодатимни айнан мана шу ҳақиқий муҳаббат мавзусига қаратмоқчиман. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг. Агар ибодат қилишни билмасангиз, хижолат бўлманг, кетимдан қайтараверинг.
Осмондаги Отажон, бизнинг азиз Парвардигоримиз, бизларга нажотни бериб бизга бўлган муҳаббатингни намоён қилганинг нақадар ажойибдир. Отажон, биз хали кўп нарсани ўрганишимиз керак. Масалан, одамларга, хатто душманларимизга ҳам Сен намойиш қилган муҳаббат билан хизмат қилиш. Худойим, Исо Масиҳ, одамни танламай, аксинча, ким бўлишидан қатъий назар чин юракдан, мукаммал севги билан хизмат қилган. Биз ҳам, худди шундай севги мухаббат билан, инсонларга хизмат қилишни истаймиз. Бизга муҳаббатга хизмат қилишни ўргат. Сен севги Худосисан, Сенинг одамга бўлган севгингнинг чегараси йўқдир. Фақат Сен орқали биз севишни ўрганишимиз мумкин. Худойим, бизга севишни, одамларга чексиз муҳаббатингни кўрсатиб яшашни бизга ўргат. Худойим, сўзда севиш осон, лекин амалда, хаётда севгини намойиш этиш мушкулдир. Лекин Раббимиз Исо номидан ўтиниб сўраймиз, бизга севги билан хизмат қилишни ўргат. Севги, булоқ каби қалбларимиздан оқсин. Сенинг номинг сўнги нафасимизгача муқаддас бўлсин. Омин.
Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.