3:33

Абадий ҳаёт тўғрисида

MP3

Ассалому алайкум азиз ака-ука ва опа-сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, бугун сизлар билан абадий ҳаёт тўғрисида гаплашмоқчиман. Биз абадий хаётга қандай сабаб билан эга бўлдик? Буни билиш учун Каломга, аниқроғи Юҳаннонинг биринчи мактубига назар солсак. У ерда шундай оятлар битилган. “Мен буларни сизлар абадий ҳаётга эгалигингизни билинглар, деб ёздим. Чунки сизлар Худонинг Ўғли номига имон келтиргансизлар.

Биз Худо ҳузурига дадиллик билан кирамиз, чунки биламизки, Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, У бизга қулоқ солади. Агар Худо тилакларимизни тинглаётганини билсак, тилакларимиз бажо бўлганини ҳам биламиз. Агар бирор киши биродарининг гуноҳ қилаётганини кўрсаю, бу гуноҳ абадий ўлимга сабаб бўлмаса, у учун ибодат қилсин. Унинг ибодати туфайли биродарига ҳаёт бағишланади. Мен буни гуноҳи абадий ўлимга сабаб бўлмайдиганлар учун айтяпман. Абадий ўлимга сабаб бўладиган гуноҳ ҳам бор. Бундай гуноҳ учун ибодат қилинг, демаяпман.

Ҳар қандай ёмонлик гуноҳдир, аммо ҳамма гуноҳ ҳам абадий ўлим билан тугамайди. Худодан туғилган ҳар бир одам гуноҳ қилмаслигини биламиз. Худонинг Ўғли уни Ўз паноҳида асрайди, ёвуз шайтон унга тегмайди. Биламизки, бизлар Худоданмиз, бутун дунё эса ёвуз шайтоннинг ҳукмидадир. Яна шуни ҳам биламизки, Худонинг Ўғли келиб, Ҳақни танишимиз учун бизга ақл-идрок берди. Биз Ҳақ билан, Унинг Ўғли Исо Масиҳ билан бир танмиз.

У Ҳақ Таоло ва абадий ҳаётдир.  Эй фарзандларим, бутлардан сақланинглар. (1Юҳанно 5:13-21). Бугунги ибодатни айнан мана шу мавзуга қаратмоқчиман. Худойимизга абадий хаётни бергани учун шукуроналар айтиш ажойибдир. Ахир биз Унинг Буюк Режасини қабул қилдик. Осмондаги Отажон, берган нажотинг учун рахмат. Биз Ўғлинг номига, Унинг ўлимию-тирилишига имон келтирдик. Худойим, энди биз бошидан-охиригача Сенинг шохлигинга тегишлимиз.

Биз энди Сенинг химоянг остидамиз. Сенинг Муқаддас Руҳинг устимизда бўлиб, бизни бу дунёдан қўриқлаяпти. Худойим, берган нажотингни маҳкам ушлашимизга ёрдам бер. Аҳир абадий ҳаёт Сенга қанчалар қимматга тушганини дунё билса эди. Худойим, бизни гунох балосидан асрагин. Биз Сенинг шоҳлигинга тегишли бўлсакда, дунё бизга ўз тасирини ўтгазишга бел боғлаган. Лекин биз Сенинг қанотларинг остидамиз. Худойим, Сенинг муқаддас номинг хамма ерда улуғлансин. Омин.

Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top