MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз аёллар ҳақида. Умуман ҳаётимизнинг бошланиши аёл билан боғлиқ. Аёлсиз дунёни ва ҳаётни тасаввур қилишимиз қийин. Бироқ бугун аёлларнинг бутунлай бошқа қиёфасини кўрамиз. Уларнинг Худованд назарида қилган ишлари, уларнинг Худованд берган қобилиятлардан Унинг шоҳлиги йўлида фойдаланиши ҳақида суҳбатлашамиз. Хўш, Худованд Каломида ёзилган аёллар қандай аёллар бўлган экан? Улар Худовандга қандай ёрдам беришган? Бу саволларга жавоб олиш ва эрамиз бошидаги аёллар Исо Масиҳга қандай ёрдам берганини билиб олиш учун Муқаддас Каломга юзланамиз. «Келинг, том устига чоғроққина болохона қуриб, у ерга кўрпа-тўшак, хонтахта, курси, шамчироқ қўяйлик. У бизникига келганда, болохонада турсин.» (4 Шоҳ 4:10).

Narrator 2 Шунамлик бу аёл Элишай пайғамбарга меҳмондўстлик кўрсатди. Уни пайғамбар ва Худонинг одами сифатида кўриб, унга қўлидан келганча ёрдам берди. Каломда аёл ҳақида аҳамиятли бўлган яна бир нарса бор: «Камбағалларга қўлини узатади, муҳтожларга раҳм қилади» (Матал 31:20). Сулаймон пайғамбарнинг Маталлар китобида ёзилишича аёл камбағалларга ёрдам беради. Муҳтожларга раҳм қилади. Чиндан ҳам бундай қилиш аёл кишининг табиатида бор. Худованд аёлни меҳрибон ва раҳмдил қилиб яратган. Унинг кўнгли бўш. Кимнингдир қийналаётганига қараб тура олмайди. У муҳтожларга қўлидан келганча ёрдам беради. «Жалиладан бошлаб Исога эргашиб хизмат қилиб келган кўпгина аёллар ҳам узоқдан қараб турган эдилар. Уларнинг орасида магдалалик Марям, Ëқуб билан Юсуфнинг онаси Марям ҳамда Забадий ўғилларининг онаси бор эди.» (Мат 27:55-56).

Narrator 1 Бу аёллар доимо Исо Масиҳ хизмати давомида Унга эргашиб, Унга хизмат қилишган. Улар Исо билан бирга юрганларида нима қилган бўлишлари мумкин. Буни тасаввур қилиш мумкин. Бу аёллар Исо Масиҳнинг кийимларини ювиб, тикиб берган бўлса керак. Оч қолганида Унга ва шогирдларига егулик тайёрлаб беришган. Бу бизнинг тахминимиз аммо Муқаддас Каломда ёзилган бу аёллар биз тахмин қилганимиздан ҳам ортиқроқ ишларни бажаришгани аниқ. Исонинг ҳаёти давомида Уни мойлаган ҳам, Унинг оёқларини ювган ҳам аёллар бўлади. «Исо Байтания қишлоғида мохов Симоннинг уйида меҳмон бўлиб ўтирган эди, бир аёл ганчдан ясалган идишда соф, қимматбаҳо сунбул мойи олиб келди. Идишни синдириб, мойни Исонинг бошига қуйди» (Марк 14:3). Бу аёл Исонинг Худованд томонидан танланганлигини англаган ҳолда, бошқаларга ҳам шуни кўрсатмоқчи бўлди.

Narrator 2 У бой-бадавлат аёл бўлмагандир. У қанчалик қурбонликлар қилиб, ўша қўлидаги мойни сотиб олгандир. Балки у умри давомида уйининг бир четида сақлаб келган қимматли нарсасидир. Нима бўлганда ҳам, ўша аёл қимматбаҳо мойни Исо Масиҳга лойиқ кўрди. Уни ўзининг Рабби ва Худованд томонидан юборилган Масиҳ деб танлади.«Бу шаҳарлик гуноҳкор деб танилган бир аёл Исонинг фарзий уйида меҳмон бўлганлигини билиб, бир ганч идишда атир мой олиб келди. Исонинг орқа томонида, оёқлари ёнгинасида турганча йиғлаб, кўз ёшлари билан Унинг оёқларини ҳўллай бошлади. Сўнг сочлари билан Исонинг оёқларини артганча, ўпа туриб мой суртди.» (Лука 7:36-37). Хуллас, аёллар Худовандга сидқидилдан хизмат қилишган. Улар Худованд берган хусусиятни Унинг йўлида ишлатишган. Бугун ҳам орамизда мана шундай аёллар бор.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top