3:01

Ички олов

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Дунёда уч нарсадан сақласин, «Ўт балосидан, сув балосидан, тухмат балосидан….», дейишади қариялар. Чиндан ҳам улар орқали келадиган фалокат жуда даҳшатли бўлади. Бу нарсалар инсонни ҳалок қилиши, ҳеч бўлмаганда унга катта талофат етказиши мумкин. Аммо ўша балолардан бири бўлган оловнинг ижобий ҳислатига эътибор қилинг. У уйингизни иситади. Сизни совуқ қотишдан асрайди. Унда егулик пиширасиз. Кучли олов билан метал заводларида металлар эритилади ва тозаланади. Ҳатто энг қимматли метал ҳисобланган, инсонлар шунчалик қадрлаган олтин ҳам оловда тобланиб, тозаланади. Машъалалар қоронғу йўлимизни ёритади. Унинг фалокатидан кўра инсон учун фойдалари кўпроқ. Инсон шу берилган неъматларни бошқара олмагандагина улардан талофат кўриши мумкин. Бошқарилган неъматлар инсонга барака ва яхшилик олиб келади.

Narrator 2 Аммо бугунги суҳбатимиз сиз-у биз кўриб турган оддий олов ҳақида эмас. Бугун ички олов ҳақида суҳбатлашишни маъқул кўрдик. Ички олов нима? У қандай бўлади? Баъзан қарияларимизнинг ёшлар ҳақида айтган сўзлари орасида: «Юрагида ўти йўқ», — деганини эшитиб қоламиз. Бунинг маъносини ҳеч қийинчиликсиз тушунамиз ҳам. Бу шижоат билан, ҳаётга чанқоқлик билан ҳаракат қилмайдиган одамга нисбатан ишлатиладиган ибора ҳисобланади. Муқаддас Каломдан жой олган Забур китобида ҳам ҳазрати Довуд ички олов ҳақида гапиради. Келинг, у нимани назарда тутганини билиб оламиз. «Вужудимда юрагим ҳароратланди, Хаёлимдан кўнглим ўртанди, ниҳоят мен тилга келдим» (Заб 38:4). У юрагидаги ўт барча сўзларини, истакларини ичида сақлашига йўл қўймаганини айтади. Ичимиздаги олов бизни тинч ўтиришга қўймайди.

Narrator 1 Шу олов билан биз жон-жаҳдимиз билан меҳнат қиламиз, шу олов билан астойдил яқинларимизга ёрдам берамиз. Нима қилсак ҳам, ички оловнинг таъсирида қиламиз.

Ҳазрати Еремия пайғамбар ҳам шу олов ҳақида гапирган: «Агар гапирадиган бўлсам: «Унинг исмини тилимга олмайман, Унинг номи билан ҳеч нарса гапирмайман», — деб қарор қилгандим, бироқ юрагимдаги Унинг каломи худди оловдай, суякларим ичига қамалган оловдайдир. Мен уни ичимда сақлаб туришга ожизман, ҳар ҳолда бундай қила олмайман. » (Йер 20:9). Бу чиндан ҳам шундай. Худованднинг Каломини ичимизда сақлай олмаймиз. Худованд бу каломларни бизга бошқа инсонларга ҳам нажот хушҳабарини етказишимиз учун берган экан, уни ичимизда сақлаб тура олмаймиз. У худди оловдай юрагимизни куйдиради.

Narrator 2 Худованд юракларимизга олов ёқишни истайди. Муқаддас Каломда Исо Масиҳнинг бу ҳақида шундай деганини ўқишимиз мумкин: «Мен ер юзига ўт ёқиш учун келдим. Ўт эндиёқ аланга олишини қанчалик истардим!» (Лука 12:49).

У ер юзига Худованд Каломини етказиш учун, уни инсонлар юрагига қадаш учун келган эди. Инсон юрагига қадалган Калом худди оловдай инсонни ёндиради. Уни бир жойда мақсадсиз ва ҳафсаласиз ўтиришига йўл қўймайди. Бу олов билан киши мақсадини англайди ва шунга кўра ҳаракат қилади. Бу олов Масиҳ издошларини бирлаштиради. Бу олов инсонни Масиҳ томон етаклайди, Худовандни англашига ёрдам беради. «- У йўлда биз билан гаплашиб, оятларни тушунтирганида кўнглимизга илиқлик югурмаганмиди, ахир!» — деганди Исо Масиҳнинг шогирдлари. Бизда ҳам шундай бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top