2:55

Ҳаёт сабоқлари

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Ҳаёт катта бир мактабдир. Инсон дунёга келиши билан сабоқ олиш бошланади. У илк қадамларини қўйишни, сўзлашни шу ҳаётдан ўрганади. Улғайганидан кейин ҳам сабоқ олиш тўхтамайди. Жуда кўп инсонлар қилган нотўғри ишлари сабаб, бошлари деворга текканидан кейин сабоқ олишади. Бошқалар эса катталарнинг гапига кириб, ўгитларига қулоқ солиб, ўрганишади. Хуллас, инсон ҳар куни нимадир ўрганишига, уни амалда бажаришига тўғри келади. Инсон сабоқ олиши мумкин бўлган энг ишончли ва мукаммал манба бу Худонинг Каломидир. Худованд инсонни яратганидан буён инсонга нима тўғри бўлса, барини Ўзининг Китобига солган. Бу сабоқларни ўзлаштириш инсоннинг ўзига ҳавола. Аммо биз бугун бу ўгитларга бироз назар ташлашни маъқул кўрдик. Кўрайлик-чи, Яратувчимиз бизлардан нимани истар экан?!

Narrator 2 Ҳазрати Довуд пайғамбар Забур китобида шундай деб ёзади: «Жафо тортганим менга яхши бўлибди. Чунки қонун-қоидаларингни ўрганиб олдим» (Заб 118:71). Ишаё пайғамбар орқали Худованд Ўз ҳалқига шундай дейди: «…ювининг ва ўзингизни покиза қилинг. Қабиҳ ишларингизни кўзимдан йўқотинг. Нотўғри ишлар қилишни бас қилинг! Тўғри ишлар қилишни ўрганинг. Адолатнинг пайидан бўлинг, эзилганларга далда бўлинг. Етимлар ва бева-бечораларнинг ёнини олинг.» (Ишаё 1:16-17). Булар биз ўрганишимиз керак бўлган ва одатга айланиши керак бўлган ишлардир. Худованд шундай дебдими, демак ҳар куни шу амрларга амал қилиб яшашимиз лозим. Ҳар куни олдимиздан чиқадиган ҳолатларни чиғириқдан ўтказиб, «Адолатли иш қилаяпманми? Тўғри бўладими? Бу билан бир бечорага жабр қилмайманми?», — деган саволларни беришимиз керак.

Narrator 1 Ҳазрати Исо Масиҳ ҳам инсонларга шундай дейди: «Эй оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман. Менинг бўйинтуруғимга ўзингизни қўшинг ва Мендан ўрганинглар. Чунки Мен беозор ва соддадиламан. Шундай қилиб, жонларингиз таскин топар.» (Мат 11:28). Пайғамбарлар китобида шундай ёзилган: «Ҳамма Худо томонидан ўргатилган бўлади. Шундай қилиб, Отадан эшитган ва ўрганган ҳар бир киши Менинг олдимга келади.» (Юҳ 6:45). Яхши сабоқ олиш ҳар доим яхши бўлган, аммо Худованднинг Ўзидан сабоқ олиш бу сабоқларнинг энг олийсидир. Чунки Худованд доимо ҳақиқатни сўзлайди. У доим инсонга яхши бўлган нарсаларни ўргатади. У ҳар биримизнинг ҳаётимизни билади ва шунга кўра сабоқ режасини тузади.

Narrator 2 «Аммо сизлар Масиҳдан ундай ўрганмагансизлар. Сизлар Масиҳнинг сўзларини эшитиб, У ҳақда таълим олгансизлар. Шунинг учун энди … эски ўзлигингизни бир четга олиб қўйинглар; яъни илгариги турмушингизга оид, алдовчи эҳтирослар билан бузилиб бораётган эски, ёмон табиатингизни соқит қилинглар. Бунинг ўрнига… Худога муносиб суратда, ҳақиқий солиҳлик ва муқаддаслик билан яратилган янги табиатни ўзлаштиринглар. »(Эф 4:20). Худованд бизнинг ёмон табиатларимизни бир четга йиғиштириб қўйиб, яхшиликни ўрганишимизни ва ҳар куни шу одат билан яшашимизни истайди. Яшайверганимиз сари Худованд бизга турли ҳолатларда ўзимизни шунга муносиб тутишга ўргатиб бораверади. Муҳими Устозингиз Худованд бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top