3:44

Дaстлабки мухаббатни тиклашнинг иложи борми?

MP3

Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Мен Лола сизлар билан яна қизиқарли мавзулар устида учрашиб турганимдан хурсандман. Мен бу суҳбатларни олиб борар эканман, бутун борлиғим билан киришиб кетаман. Вақт ўтганини ҳам билмай қоламан. Чунки сиз каби мени ҳам бу мавзулар қизиқтиради. Энди мавзумизга қайтсак. Хўш, эримизга бўлган дастлабки мухаббатни қайтаришнинг иложи борми? Эрмизга бўлган мухаббат сўнган бўлса нима қилиш керак? Бу борада жуда кўп босқичларни кўриб чиқишимиз керак бўлади. Аввало мухаббатингизнинг сўнишига нима сабаб бўлганини аниқлаш керак. Хўш, аввал унда кўрган қайси ҳислатлар йўқолган? Уни қайси характери учун севиб қолгансиз? Бу саволларга жавоб топишингиз керак. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишим лозим. Сиз шу инсон билан турмуш қурган экансиз, энди у билан бир тансиз. У сизнинг эрингиз, болаларингизнинг отаси. Унинг аввалги сизга ёқадиган ҳислатлари йўқолган бўлса ҳам, уни севишингиз керак. Ҳеч нимага қарамай, унда яхши сифатлар бор-йўқлигига қарамай севиш лозим. Бундай ҳолатда севиш албатта қийин бўлади. Биз инсонлар учун бунинг имкони йўқдай. Бироқ бизда Худо бор. Худованд бундай ҳолатда сизга ёрдам бера олади. Агар сиз чин дилдан эрингиз билан ўртангизда қайноқ мухаббат алангаланишини истасангиз, Худованд сизга шубҳасиз ёрдам беради. Бироқ буни хар иккингиз ҳам чин дилдан хоҳлашингиз керак. Балки эрингиз бундан бехабардир, шундай бўлса ҳам сиз астойдил ҳаракат қилинг. Худодан ибодатларингизда сўранг. Эрингизнинг ҳозирги яхши томонларини кўрсатишини сўранг. Бундай ҳолатда аввало ўзингиз ҳам ўзгаришингиз керак бўлади. Мухаббатингизнинг сўнишига сиздаги ўзгаришлар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Худованд сизга эрингиздаги яхши сифатларни бирма-бир кўрсатганида ўша сифатлар учун Худовандга раҳмат айтинг. Кейин эса эрингиз ўзидаги яхши сифатларни намоён қилганида уни шу сифати учун мақтаб қўйинг. Бу уни илҳомлантиради. Авваллари кўзингизга фақат ёмон томонлари кўринган ва бу учун уни доимо танқид қилган бўлсангиз, энди танқид ўрнини мақтов ва яхши сўзлар билан алмаштиринг. Чунки танқидлар, нолишлар, кесатиқлар мухаббат оловига сув қуйган билан баробардир. Ундан ташқари эрингизга нисбатан сабр-тоқатли бўлинг. Агар Худованд билан муносабатингиз яхши бўлмаса, эрингиз билан орангиздаги мухаббатни тиклаш борасидаги ҳаракатингиз ҳам бесамар кетади. Шунинг учун хам энг аввало Худованд билан ўртангиздаги муносабатни мустаҳкамлашингиз керак. Бунинг учун нима қилиш кераклигини ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак. Унга итоатли бўлиш, юракни тоза сақлаш, ва унинг қарорларини қабул қилишга тайёр бўлиш, сизни Худовандга яқинлаштиради. Ўртадаги мухаббат оловини қайта алангалатиш ишини биргаликда Худованд билан қилиш керак. Худо сизга ёрдам беради, нима қилиш кераклигини кўрсатади, сиз эса Унга бўйсунган холда эрингизга бўлган мухаббатни тиклайсиз. Бу харакат қилишга арзийдиган иш. Чунки аввалги сухбатимизда айтиб ўтганимиздек, эр-хотин ўртасидаги мухаббат фақат уларнинг ўзларига эмас, фарзандларига ҳам фойдалидир. Ота-оналарининг бир-бирларини севишини кўрган ва ҳис қилган фарзанднинг ҳис-туйғуси нормал ҳолатда ривожланади, ўзларини ҳимояда ҳис қиладилар. Бу эса уларнинг келажакдаги бахтларига асос бўлади. Демак, орамизда мухаббат йўқ, деб ажрашиб кетишдан кўра, астойдил ҳаракат қилиб, ўртадаги мухаббатни тиклаш ҳам эр-хотинлар учун ҳам фарзандлар учун фойдали бўлади. Фарзандининг бахтини, камолини бутун кўришни истайдиган ҳар қандай аёл эр-хотин ўртасидаги мухаббатни тиклаш қанчалик қийин бўлса ҳам уни бажаришга кириша олади. Мухаббатни тиклашга киришишдан олдин, Худодан кучли истак билан сўранг. Кейин эса унинг бошқаруви бўйича ҳаракат қилинг. Оилангизга мухаббат ва ҳотиржамлик тилаб келгуси суҳбатларгача хайрлашиб қоламан.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top