Narrator 1 Ассалому алайкум. Сизни ҳеч алдашганми? Бундай ҳолатлар кўп бўлган, денг? Ҳа, ундай бўлса, Исроил халқининг ҳолатини яхши тушунасиз. Қадимда Исроил халқи Худо ваъда қилган ерга кириб боргач, Эгамиз буюрганидай, йўлидаги шаҳарларнинг ҳаммасини қўлга кирита бошлади. Худонинг буйруғига кўра, уларни қириб ташлаши керак эди. Акс ҳолда у халқлар бир кун келиб, Исроилнинг бошига бало бўлишини Худованд яхши биларди. Хуллас, Исроил халқини алдашди. Воқеа мана бундай бўлган эди. «Иордан дарёсининг ғарб томонида турадиган барча шоҳлар Исроил халқига Мусодан кейин бошчилик қилган Ëшуанинг ғалабалари ҳақида эшитишган эди. Улар қирларда, қирларнинг этакларида, бутун Ўрта ер денгизи қирғоғи бўйлаб то шимолдаги Лубнонгача бўлган жойда яшайдиган Хет, Амор, Канъон, Париз, Хив ва Ëбус халқларининг шоҳлари эдилар.
Narrator 2 Ўша шоҳлар қўшинларини бир қилиб, Ëшуа ва бутун Исроил халқига қарши жанг қилишга тўпландилар. Аммо Гивон аҳолиси Ëшуанинг Ерихо ва Ай шаҳарларига қилган ишлари ҳақида эшитиб, айёрлик билан иш тутди. Улардан бир нечтаси йўлга тайёргарлик кўриб, ўз эшакларига эски ҳуржунлар ва эски, йиртилиб ямалган мешларни юкладилар. Оёқларига эски, ямалган оёқ кийимлар, устиларига эса жулдур кийимлар кийишди. Улар олган нонларнинг суви қочиб, моғор босган эди. Улар Гилгалдаги қароргоҳга бориб, Ëшуа ва бутун Исроил халқига деди: — Биз жуда олис бир юртдан келдик, биз билан сулҳ тузинглар, — дейишди. Аммо Исроил халқи бу Хив халқидан бўлганларга шундай деди: — Балки, сизлар бизга яқин жойда яшарсизлар, биз қандай қилиб сизлар билан сулҳ тузамиз? – Шунда улар Ëшуага: — Биз сизларнинг қулларингмиз, — дейишди.
Narrator 1 Ëшуа эса улардан: — Сизлар кимсизлар? Қаердан келдингиз? – деб сўради. Улар эса Ëшуага шундай жавоб беришди: — Биз сизнинг қулларингизмиз, Эгангиз Худони деб жуда ҳам узоқ бир юртдан келдик. Биз сизнинг Худойингиз ҳақида эшитдик. У Мисрда нима қилганини, Иорданнинг шарқидаги шоҳларга нима қилганингизни эшитдик. Шунинг учун оқсоқолларимиз ва юртимиз аҳолиси бизни сизларнинг олдингизга юбориб: — Узоқ сафарга тайёрланинглар. Исроил халқи олдига етиб боргач, бизнинг халқимиз уларга қул эканини айтиб, сулҳ тузиб келинглар, — деб тайинлашди. Мана, нонимизга қаранг, йўлга чиққанимизда иссиққина эди, энди эса суви қочиб, моғор босиб қолган. Мана бу шароб мешлари уларни тўлдирганимизда янги эди. Уст бошимиз ва оёқ кийимларимиз ҳам йўл узоқлигидан эскириб кетди. »
Narrator 2 Исроил халқи Гивонликларнинг ҳийласига ишониб, Худодан йўл-йўриқ сўрамай, Эгамиз номи билан қасам ичиб, улар билан сулҳ тузди. Уч кун ўтгач эса, Гивонликлар ўзларига яқин жойда яшашларини эшитиб, қаттиқ жаҳллари чиқди. Бироқ Худованд номи билан қасам ичгани учун уларни ўлдирмади. Улар ичган қасамларини бузмай, Гивонликларни ўзлари айтганидай, хизматкор қул қилиб олишга рози бўлишди. Улар жамоа учун ўтин ёрувчи, сув ташувчи бўлиб қолди. Гивонликлар жуда айёрлик билан иш тутди. Улар Исроилликлар қўлидан қандай қилиб бўлса ҳам омон қолиш йўлини қилишди. Исроил халқи эса уларнинг сўзларига, далилларига ишониб, Худодан сўраб ҳам ўтиришмади. Бу воқеадан кейин эса, улар ўз кўзларига кўрганига ва қулоқлари эшитганига, ўз хулосасига кўра эмас, Худонинг сўзларига кўра иш қилиш кераклигини яна ҳам яхшироқ билиб олишди.