3:48

Аёл – Она ва ўқитувчи ҳамдир

MP3

Ассалому алайкум сабрли ва иродали опа-сингиллар. Бугунги суҳбатимиз биз аёлларнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлган оналик ҳақида бўлади. Мен Лола эса сизлар билан бу мавзуни биргаликда ўрганаман. Бир куни бир ёш аёлнинг нолиётганини эшитиб қолдим: «Опа, мен жуда чарчадим. Худди ҳафтада етти кун кунига 24 соат тинимсиз югураётганга ўхшайман. Шунча елиб-югурсам ҳам натижаларини кўрмаяпман. Худди мендаги бу ҳолат бир умр давом этадигандай.” Унинг ҳолатини жуда яхши тушунаман. Ораларингизда кўпчилик бу аёлнинг ҳолатини яхши тушунса керак. Чунки ёш болалари бўлган аёл тиним билмайди. У куни қандай ўтганини ҳам билмай қолади. Бироқ кун охирида қаттиқ толиққанини ҳис қилади. Ҳис қилади-ю, аммо шунда ҳам дам олишга имкони йўқ. Энди дам олай деганда болаларидан бири, йиғлайди, бирига сув бериш керак. Бири тагини ҳўллаб қўйган, кийимларини алмаштириш керак. Бу ҳолат бутун тун бўйи давом этади. Ёш она куну-тун дам олиш нималигини билмай, кун кечиради. Бу ҳолат беш – олти йил давом этади. Шу йиллар давомида онага куч берга Худога ҳамду санолар бўлсин. Бироқ бу йиллар ҳам ҳаш-паш дегунча ўтиб кетади. Бу ҳам оналикнинг бир фасли. Қийин бўлса ҳам кейинчалик болалар улғайиб ўзларини-ўзлари эплайдиган бўлганда, бу дамларни ҳам соғиниб қолади. Болалар катта бўлгач, она бир оз дам олади. Эндигина туғилган чақалоққа ҳаётдан ҳам кўра онаси керак. У эндигина дунёга келди. Атрофида ўзи билмаган, танимаган дунё ва ундаги нотаниш чехралар. Бу нарсалар ичида унга энг яқини уни дунёга келтирган онаси. У бу аёлни ҳали дунёга келмасидан олдиноқ биларди. У ўзини онаси қорнида ҳимояда ҳис қилган. Шунинг учун ҳам унга онаси кўпроқ керак. Шунинг учун ҳам болалар доимо оналарининг ортидан юришади. Кичикликларидан оналарига мухтож бўлишади. Ҳар бир нарсада онасининг ёрдамини кутишади. Худонинг Каломида: «Фарзандлар Худованд берган мукофотдир”, деб ёзилган. Бироқ кўпгина оналар фарзандларни мукофот деб билмайдилар. Мен ҳам хозиргидан ёшроқ бўлганимда, кетма-кет ҳомиладорликдан нолиб, нега Худованд мени қийнаяпти, деб нолиганман. Бироқ ҳозир ўша айтган гапларимдан уяламан. Балки орамизда фарзандларни мукофотдан кўра Худонинг жазоси деб биладиганлар ҳали ҳам топилиб қолар. Бироқ фарзандни мукофот деб билувчиларга ҳам жазо деб билувчиларга ҳам бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Агар болалар ўйинчоқлари дўконига кириб, самолёт ёки кемани йиғиб ясайдиган ўйинчоқ сотиб оладиган бўлсангиз, ўйинчоқ қутисининг ичида унинг қўлланмаси ҳам бўлади. Мана шу қўлланма орқали фарзандингиз сиз совға қилган ўйинчоқни маза қилиб ўйнайди. Совғангиздан миннатдор бўлади. Худди шу каби Худованд ҳам бизга фарзандларимизни тарбиялашимизга ёрдам берадиган китоб берган. Бу Унинг Муқаддас Каломи. Агар фарзандларимизни Унинг Каломига кўра тарбия қиладиган бўлсак, тарбиямизнинг самарасини кўриб, Худонинг бизга берган мукофотидан миннатдор бўламиз. Яна бола тарбиясига катта ёрдам бериши мумкин бўлган бир китоб бор. Бу Сулаймоннинг ҳикматлари китоби. Бу китоб оналар учун қўлланма бўлиб хизмат қилиши мумкин. У китобни иложини топсангиз ҳар куни ўқинг. Аёлнинг оналик ва ўқитувчилик вазифасини бир-биридан фарқлаб бўлмайди. Аёл уйида фарзандига оналик қилар экан, бир пайтнинг ўзида фарзанди учун тарбиячи яъни ўқитувчи ҳам бўлади. У фарзандини ёшлигидан оқ-қорани англашига ёрдам беради. Она фарзандини катта қилгани учун яхши ёмон нарсаларни ўргатиш асосан онанинг вазифасидир. Оталар ҳам фарзандларини Раббимизнинг таълим тарбияси билан ўстиришлари керак. Бу борада ота ҳам она ҳам биргаликда харакат қилишларига тўғри келади. Шундагина улар фарзандларининг Худо берган ҳақиқий мукофот эканини хис қилишади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top