Narrator 1 Ассалому алайкум. Қадим шарқда яшаган аждодларимиз ҳар борада жуда билимли ва салоҳиятли инсонлар бўлишган. Улардан бир нечталарини сиз жуда яхши биласиз. Ўтмишда ота-боболаримиз орасида қўли гул ҳунармандлар, олимлар, тарихчилар, файласуфлар, мусиқашунослар ва табиблар бўлган. Уларнинг саноқлигина қисми бизгача маълум бўлган ҳолос. Бизга маълум бўлмаган яна қанча билимли ва иқтидорли аждодларимиз ўтгандир?! Бугун асосан «Тиб қонунлари» китобини ёзган аждодимиз Ибн Синонинг ўгитларига назар солиб, ўша замон кишилари қай даражада илмли ва ҳақ бўлишганига ўзимиз гувоҳ бўламиз. Қадимдан, ота-боболаримиз ҳовлиларида ўсиб турган мевалардан, кўкатлар ва савзавотлардан шифо мақсадида жуда билиб фойдаланишган. Шундай шифобахш мевалардан бири бу анжирдир.
Narrator 2 Кимдир анжирни Худованд тақиқлаган мева бўлган, деб ҳисобласа, бошқалар бу жаннатнинг меваси, деб фаҳрланишади. Бироқ анжир ҳақида табобатчиларимиз нима деркин?! Уларнинг фикрича анжир меваси ва қоқисидан тайёрланган дамлама йўтални тўхтатишга, балғам кўчиришга ёрдам берса, анжир шарбати билан асал омухтаси кўз шамоллашида фойдалидир. Анжир дамламаси билан томоқ шамоллаганда ғарғара қилинса, ижобий натижа беради. Бунинг учун 100 гр қуруқ анжир мевасига 2 стакан қайноқ сув қуйилади, паст оловда 15 дақиқа давомида қайнатилади ва 2-3 соатга тиндириб қўйилади. Кейин докада сузиб олинади. Кунига ярим стакандан 2-3 маҳал овқатдан олдин ичилади. Бу дамлама йўталга қарши даво сифатида ичилади.
Narrator 1 Анжир меваси ҳақида қадимги Шарқнинг машҳур табобатчиси Ибн Сино шундай дейди: «…Анжирнинг хоми, шунингдек барги хол, сўгал ва ҳар хил доғларга қарши ишлатилади. Агар истеъмол қилинса, касалликлар сабабли бузилган рангни тузатади. Ҳамда чипқонларни пиширади. …Хўл ва қуруқ анжир тутқаноқ касалига фойдалидир. Анжирнинг хўли ва қуруғи томоқ қирилишига ҳамда кўкрак ва ўпка йўлларига фойдалидир. Анжирнинг шарбати сутни кўпайтиради.» Жаннат меваларидан яна бири бу – Анор. Анор меваси пўстлоғининг кули сариёғ ёки мол ёғи билан яхшилаб аралаштириб терига суртилса, ундаги йирингли яраларни тузатишга ёрдам беради. Анор пўстлоғидан тайёрланадиган қайнатма оғиз бўшлиғининг яллиғланишида даво бўлади.
Narrator 2 Анор, олма, беҳи, лимон, отқулоқ, ошқовоқ, нилуфар ва кашнични тенг миқдорда аралаштириб қайнатиб, унинг қуюқ шарбатига асал қўшиб истеъмол қилинса, сафро қусиш, кўнгил беҳузур бўлиши ва тинка қуришидан қутулиш мумкин. Ибн Сино анор ҳақида шундай дейди: «Анорнинг уруғи асал билан бирга тил ва қулоқ оғриғига фойдали, ҳамда бурун ичига суртиладиган доридир. Анорнинг уруғини янчиб, асал билан қўшиб, оғиз оғриганда суртилса, фойдаси катта. Анор уруғи ёмғир суви билан қўшиб ичилса, қон тупуришда фойдалидир. Анорнинг ҳамма турлари хафақон касаллигига фойдали ва ширини кўнгилни очади. Анорнинг нордони ширинига қараганда сийдикни кўпроқ юриштиради, умуман, анорнинг барча тури сийдик ҳайдовчи мева ҳисобланади.» Азиз тингловчи, табиат неъматлари ва уларнинг инсон ҳаётига, организмига фойдаси ҳақида билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга бир назар ташланг.