Narrator 1 Ассалому алайкум. Ўтган сафар инсоният ақли ва қобилияти ожизлик қиладиган, бироқ Худо қила оладиган ишлар ҳақида гаплашган эдик. Инсоният ҳар қанча ўзи яратган ихтиролар билан мақтанмасин, у Худо қилиши мумкин бўлган ишларни қила олмайди. Худованд яратган инсоният ҳаётимизга керакли нарсаларни яратар экан, шу дунёда яшар экан, барибир қалбининг тубида Яратувчига муҳтожлик сезади. Худони излаганлар, Унинг ишларини кўришни истаганлар қандай қилиб Унинг ҳаётда ишлаётганини билиши мумкин? Агар Худованд кимингдир қалбига Ўзи ҳақида билишни солган бўлса, инсон Худо ҳақида ўқиб ўрганишга ҳаракат қилса, руҳий ҳақиқат ошкор бўлса, инсон ўз гуноҳларини англаб етса, демак Худованд ишляпти. Шундай ҳолатлардан бирини кўрсангиз билинг-ки, Худованд ўша одамнинг қалбида ва ҳаётида ишлаяпти.
Narrator 2 Агар сизнинг ҳаётингизда ҳам шундай ҳодисалар бўлаётган бўлса, ибодат қилишга муҳтожлик сезасиз. Шундай қилинг. Худо сизнинг ҳаётингизга нималарни мақсад қилганини фақат Худонинг Ўзи билади. Шунинг учун тез-тез ибодат қилинг. Худованд ҳаётингиз учун нима яхшилигини ҳам билади. Ибодат қилиш бу ҳали биринчи қадам. Ибодат қилгач, ҳаётингизда ёки сиз ибодат қилган инсоннинг ҳаётида нималар содир бўлаётгани ва нима ўзгарганига диққат қилинг. Худонинг жавобини изланг. Худованд ибодатингизга албатта жавоб беради. У биз инсонлар каби жавоб бермайди. Баъзан ҳаётингиздаги ўзгаришлар билан, баъзан Муқаддас Калом орқали, баъзан биродарларингизнинг сўзи бўлиб жавоб бериши мумкин. Худованд сизга нима қилишини айтганида, сиз ҳам Унга жавоб беришингиз керак.
Narrator 1 У Ўз мақсадини амалга оширмоқчи бўлганида гапиради. Бу Муқаддас Калом орқали тасдиқланган. Худованд томонидан сизга берилган вақт бу сиз учун жавоб қайтариш вақти бўлади. Худованд сиздан нимани кутаётган бўлса, ўша ишни қилинг ва сиз жавоб қайтарган бўласиз. Бунинг учун сиздан тайёргарлик кўриш керак бўлмайди. Худованд Ишаё пайғабар орқали гапирганида шундай деган эди: «Чиндан ҳам Мен шундай деганман; Буни содир қиламан; шуни мақсад қилганман ва бажараман» (Ишая 46:11). Худо мақсад қилган бўлса, албатта бажаради. Агар Худованд бирор бир ишни режалаштирган бўлса, ўша нарсани бажаришга киришган бўлса ва охирига етказишга қарор қилган бўлса, ким Уни бу йўлдан қайтара олади? Ким Унинг ишини тўхтата олади? Ҳеч ким. Сиз Худованд айтган ишни бажаришга ҳавотир олаётган бўлсангиз, бунга кучим етармикан, дея ўйланаётган бўлсангиз, ҳавотир ва қўрқувни бир четга олиб қўйинг.
Narrator 2 Худованд ўз халқига бирор нима қилишини баён қилган бўлса, У албатта мана шу ишни бажаради. Худованд айтган нарсалар содир бўлишига Худованднинг Ўзи бош-қош бўлади. Худованд гапирганида имонли бу ишга жуда ҳам қизиқиб қолади. Унинг ўзи Худонинг олдига келиб, Худо нима демоқчи бўлаётганини билишга ҳаракат қилади. Худо эса унга мақсадини очиб беради. Худовандга сидқидилдан ишонган имонли Худонинг гапирганига ишонч билан жавоб қайтаради. У истаган ишни қилишга ишонч ва қатъият билан киришади. Муқаддас Калом тарихига назар ташлайдиган бўлсак, унда инсонлар Худодан хабар олганликлари ҳақида жуда кўп марта ёзилган. У нима ҳақида инсонларга маълум қилган бўлса, ўша нарса содир бўлишини Унинг Ўзи бошқариб турган. Шунинг учун Худованд бугун сизга гапираётган бўлса, Унинг айтганини қилишга қўрқманг. Бу ишни қилишингизга Худонинг Ўзи катта ёрдам беради.