3:11

Чарчоқдан ҳолос бўлиш

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Замон шиддат билан илгарилаб бораётгани боис, инсонлар ҳам унга кўра шиддат билан, тиним билмай ишлашга ўрганиб қолмоқдалар. Қаттиқ ва тинимсиз ишлаш инсон органимини зўриқтиради. Бу нарса асабларга ҳам таъсир қилмай қолмайди. Асаблари чарчаган, жисмонан ҳолдан тойган инсон эса ҳеч қачон кўтаринки кайфиятда бўлолмайди. Бу нарса унинг оилавий ҳолатига, иш унумига ҳам таъсир этади. Бироқ туни билан тиниқиб ухлаган инсон эрталаб бардам ва тетик ҳолда уйғонади. Бу тананинг дам олганини билдиради. Бироқ асаблар ҳали ҳам чарчаган ҳолатда. Тасаввур қилинг, эрталаб яхши кайфият билан бардам ва тетик ҳолда ишга йўл оласиз. Аммо ҳар бир ишнинг ўзига хос маъсулияти ва оғир-енгил жиҳатлари бор.

Narrator 2 Шу боис ҳам кўпинча кун ярмига келиб ўзингизда чарчоқни ҳис қиласиз. У бора-бора мияга ҳам тарқалиб, кун охирида уйқу элита бошлайди. Бошингиз карахт, ланж ва кайфиятсиз ҳолга тушасиз. Шундай бўлмаслик учун баъзи жисмоний машқларни қўллаб кўрсангиз, таъсирини дарҳол сезасиз. Бунинг учун чалқанча ётинг. Бошингиз тагига юпқа ёстиқ қўйинг. Унга бошнинг юқори қисмини эмас, энсангизни қўйинг. Товонларни эркин ҳолда орқага йўналтиринг, тос суяги мушакларини бўшаштиринг. Сўнг машқни қўлда давом эттирасиз. Бармоқларни букиб, қўл мушакларининг охиригача таранглашишини кутинг ва бўш қўйиб юборинг. Диққатни қўлга жамлаб, машқни аста-секин бутун тана бўйлаб қўлланг. Иккинчи машқ. Аввал қўл ва унга яқин аъзоларни кейин эса оёқларни бўшаштиринг. Оёқ мушакларини қисқартириш учун тиззадан букиб, ўринга босинг.

Narrator 1 Шу ҳолатда ушлаб, сўнг бўш қўйинг. Оёқни ўриндан олаётганда кўпроқ қорин мушакларини таранглаштиришга ҳаракат қилинг. Уларни ҳам бироз шундай ушлаб, сўнг қўйиб юборинг. Қўлни бошнинг орқасига қўйиб, бош ва елкаларни кўтаринг. Шунда қовурғалар орасидаги мушаклар таранглашади. Бу машқалар чарчаган асабларга ижобий таъсир қилиб, сизга енгиллик беради. Ундан ташқари асаблар чарчашига қарши оддий нафас гимнастикасини қўллаш ҳам яхши натижа беради. Устига устак, уни хоҳлаган жойингизда, транспортда ўтирганда, қабул бошланишидан олдин, бир неча дақиқалик танаффус вақтида, уй ёки идорага киришда, хуллас қачон эҳтиёж сезганингизда амалга оширишингиз мумкин.

Narrator 2 Бунинг учун 5 сония давомида чуқур нафас олиб, уни ичингизга сингдиринг. Аммо 5 сония нафас олманг. Кейин эркин ҳолатда 5 сония давомида нафас чиқариб 2-3 сония дам олинг. Муолажани 1-5 дақиқагача давом эттиринг. Мазкур гимнастикани кунига 5 маҳал бажарсангиз, асаблар ҳотиржамлигини таъминлаган бўласиз. Инсон куни бўйи ўтириб, ақлий машқларни бажаради. Бу охири йўқ ақлий меҳнат инсон миясини ва асабларини чарчатади. Чарчоқдан қутулишнинг энг яхши йўли эса жисмоний машқлар экан. Сиз ўзингизга маъқул келадиган бир нечта жисмоний машқларни эслаб қолиб, кун давомида имкон топилганда бажарсангиз, танангизга енгиллик берган бўласиз. Асабларингиз ҳам таранглашмайди. Биз айтган машқларни ухлашдан олдин бажарсангиз ақлий ва асабий сиқилишни енгиллаштиради, ҳаяжонланган мия чиниқиб, қоннинг одатий ҳаракатини таъминлайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top