Narrator 1 Ассалому алайкум. Ҳар бир инсон авлодини давом эттирадиган, ўзига ўхшаган ўғли бўлишини жуда-жуда истайди, айниқса эркак киши буни кўпроқ истайди. Қадимдан ҳам ўғил авлодлар давомчиси, ота касбининг меросхўри сифатида кўрилган. Бугун ҳам бу фикрлар ўзгармаган. Қайси миллатга қараманг, ҳар бири ўғил учун ҳаракат қилади. Хотинлари ўғил туғмаса эрлар ҳафа бўлади. Бугунги суҳбатимиз эса асло оддий ўғиллар ҳақида эмас. Сизни зериктирмай, тўғридан тўғри суҳбатимиз мавзусига ўта қолайлик. Сизларга бир нечта сўзлар жамланмасини ўқиб бераман, ўзингиз бу ким ҳақида эканини билиб олаверасиз: «Осмондан эса: — Бу менинг севикли ўғлимдир, Ундан мамнунман», — деган нидо келди» (Мат 3:17).
Narrator 2 Ҳа, топдингиз. Бу Исо Масиҳ ҳақидаги Худонинг биринчи гувоҳлиги эди. Исо Масиҳ Худонинг севикли Ўғли эканини Худованднинг Ўзи айтганини Калом орқали билиб олишимиз мумкин. Бироқ Исо Масиҳ Худодан юборилган Зот эканини фақат Худо эмас, шайтон ҳам тан олган. У Исо Масиҳга шундай мурожаат қилган эди: «-Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни пастга ташла-чи.» (Мат 4:6) Иблис Унинг Худо Ўғли эканини аниқ биларди, шундай бўлса ҳам, Уни гуноҳга бошлаш ва Худонинг бутун инсониятни қутқариш режасини барбод қилиш мақсадида Исони васваса қилган эди. Унинг Худо Ўғли эканини жинлар ҳам биларди: «Исо нариги қирғоққа, Гергеса юртига етиб келганида, қабристон лаҳадларидан чиқиб келган, жинга чалинган икки киши Унга рўбарў бўлди. Улар жуда ваҳший бўлганликлари учун, ҳеч ким бу йўлдан ўтолмас эди.
Narrator 1 Улар шундай бақира бошлашди: — Эй Худонинг Ўғли Исо, бизда нима ишинг бор? Бу ерга бизларни вақтидан олдин қийнагани келдингми?» (Мат 8:28-29). Исо Масиҳнинг Худонинг Ўғли бўлиб келиши қадимданоқ башорат қилинган бўлса-да, Исо Масиҳ эндигина хизматини бошлаганида бу ҳақида жуда кам одам биларди. Биринчи марта сувдан чиқиб бошига Муқаддас Руҳ кабутар кўринишида қўнганида ҳам, осмондан келган Худонинг овозини фақат Яҳё эшитган бўлса керак. Кейинчалик эса бу ҳақида Унинг ортидан эргашганлар тез-тез Ўзининг ва Исо томонидан маҳкум қилинган жинлар томонидан эшитишди. Бу ҳақида эшитганлар эшитганларининг мағзини чақишга ҳаракат қилганлари аниқ.
Narrator 2 Бу борада Исо Масиҳнинг шогирдлари жуда омадли бўлишган. Улар кеча-ю кундуз Устозлари билан юргани учун Унинг чиндан ҳам Худонинг Ўғли эканига шубҳа қолдирмайдиган воқеаларнинг гувоҳи бўлишган. Бир сафар Исо Масиҳ сув устида юрди. Исо Масиҳ қайиққа ўтгач эса, қайиқдагилар Унга сажда қилиб шундай дейишди: «- Ҳақиқатдан ҳам Сен Худонинг Ўғлисан!». Унинг Худо Ўғли эканини ҳаворий Бутрус ҳам тан олди: «- Сен барҳаёт Худонинг Ўғли Масиҳсан!». Буни ҳаворий Бутрус ўз онги билан англаб етгани йўқ эди. У буни Муқаддас Руҳнинг ёрдамида тушуниб олди. Фақат Бутрус эмас, Унга эргашганларнинг кўпчилиги бу ҳақида шахсан Худонинг Ўзидан эшитишди: «- Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар!».