Narrator 1 Ассалому алайкум. Дунёда муҳаббатдан гўзалроқ туйғу бўлмаса керак. Аммо кўпчилик асл, беғубор муҳаббатни бошқа ҳис-туйғулар билан адаштиради. Кимдир оддийгина ҳавасни муҳаббат, деб ўйлайди. Кимдир эҳтиросни муҳаббат, деб билади. Асл муҳаббат киши қалбини яшнатади. У бир неча дақиқа ёки бир оз муддат давом этиб, сўнг йўқ бўлиб кетадиган нарса эмас. Муҳаббатнинг энг яхши талқинини билмоқчи бўлсангиз, уни вақт билан синаб кўринг. Кексаларимиз ҳам шундай дейишади. Бирор бир нарсаларнинг муҳимлиги уларга қанча вақт сарфлашни исташимиз билан ўлчанади. Агар бирор бир нарсага кўпроқ вақтингизни сарфлаётган бўлсангиз, демак ўша нарсани жуда ҳам қадрлайсиз. Инсон севимли нарсалари ҳақида билишни истасангиз, унинг вақтини қандай сарфлашига қаранг.
Narrator 2 Вақт бу ҳар биримиз учун жуда қадрли нарса. Чунки у мўл-кўл берилмаган. Унинг чегараси бор. Ҳар биримиз ҳаётда яшаш давомида кўпроқ дўстлар орттиришимиз мумкин, пулимизни кўпайтиришимиз мумкин, аммо вақтни узайтириб ёки кўпайтириб бўлмайди. Сиз нимагадир вақтингизни бераётганингизда, ҳаётингизнинг бир қисмини унга бераётган бўласиз ва ўша нарсага кетгазган вақтингизни қайтиб ололмайсиз. Сизнинг вақтингиз бу сизнинг ҳаётингиз. Муносабатлар ҳам вақт билан ўлчанади. Муносабатларнинг муҳимлигини билиш ёки шунчаки айтиб қўйиш етарли эмас. Уни муҳим деб ҳисобласангиз, вақтингизни сарфлаб исботланг. Фақат сўзларнинг ўзи ҳеч қандай қийматга эга эмас.
Narrator 1 Муқаддас Калом бу ҳақида шундай дейди: «Эй фарзандларим, биз сўз ёки тил билангина эмас, балки амалда ва ҳақиқатда севишимиз лозим» (1 Юҳ 3:18). Муносабатлар қуриш учун кишидан вақт ва меҳнат талаб этилади. Муҳаббатнинг энг яхши талқини –ВАҚТдир. Кимнидир шунчаки севаман деб қўйиб, бошқа ишларингиз билан машғул бўлсангиз, унга вақт ажратмасангиз, бу севги эмас. Бизнинг диққатимиз қаерга қаратилган бўлса, қалбимиз ҳам ўша ерда. Билсангиз эркаклар бу нарсани кўп ҳам тушунишмайди. Улар шундай дейишади: «Мен хотиним ва болаларимни тушунмайман. Уларнинг ҳеч нарсадан камчиликлари йўқ. Ҳаммасини муҳайё қилиб қўйибман. Улар мендан яна нимани исташади?».
Narrator 2 Агар сиз ҳам шундай ўйлайдиган эркаклардан бўлсангиз, билиб қўйинг: улар сизни хоҳлашади. Сизнинг кўзларингизни, қулоқларингизни, вақтингизни ва диққатингизни хоҳлашади. Улар билан бирга бўлиб, уларга вақт сарфлашингизни ва шу тариқа уларни қанчалик қадрлашингизни, севишингизни исботлашингизни исташади. Ҳеч нарса пул, озиқ-овқат ёки кийим-кечак улар билан ўтказган вақтингизнинг ўрнини боса олмайди. Оилада аёл сиз унга қанчалик қимматбаҳо совға келтирганингизга эмас, уни қанчалик эътибор билан келтирганингизга аҳамият беради. Эрнинг эътибори шундай дейди: «Мен сени жуда қадрлайман, жуда севаманки – ҳаётимнинг энг қимматли онларини сенга бағишлайман». Бу ҳақиқат оила учун ҳам Худованд учун ҳам бир хилдир.