Narrator 1 Ассалому алайкум. Оила – Худованд яратган энг чиройли маскан. Бу масканнинг қўриқчилари эса ота-она ҳисобланади. Оилани чиройли ва ўзига тортадиган маскан қилиш эр-хотиннинг қўлида. Оилангизни шундай қурингки, ўзингиз ҳам фарзандларингиз ҳам доимо унга интилсин. Бунинг учун сиздан уч нарса талаб этилади: 1. Муҳаббат 2. Меҳнат 3. Ибодат. Мана шу уччаласи биргаликда ишлагандагина оила Худованд назаридаги, У ният қилган оила бўлади. Оила учун муҳаббат кераклигини, яхши оила барпо этиш учун ҳар томонлама меҳнат қилиш кераклигини ҳар биримиз биламиз, аммо унинг учун тинимсиз ибодат қилиш ҳамманинг ҳам ҳаёлига келавермайди. Бугунги суҳбатимиз айнан мана шу – оила учун тинимсиз ибодат қилиш ҳақида.
Narrator 2 Ибодат Худованд билан мулоқотга киришишдир. Ибодат орқали биз Худовандга гапирамиз ва Ундан эшитамиз. Кўп ҳолларда ҳаёт ташвишлари, муаммолар, ишнинг кўплиги бизни ибодат қилишдан узоқлаштиради. Ибодат қилиш муҳимлигини унутиб қўямиз. Оиламиз учун ибодат қиламиз десак, жуда кўп сабаблар топилади. Худованд ҳузурида соатлаб ўтириб, оила мавзусида ибодат қилиш мумкин. Турмуш ўртоқларнинг иши бароридан келиши, соғлиғи, қалби ва муносабатлари ҳақида, фарзандларнинг соғлиғи, ҳимояси, ўқишлари, дўстлари ва қалби ҳақида, ўзимизнинг соғлиғимиз, Худо билан муносабатимиз, муаммоларимиз ва яна бошқа нарсалар ҳақида жуда узоқ вақт ибодат қилиш мумкин.
Narrator 1 Кўрдингизми, оиламиз ибодатга қанчалик муҳтож. Биз эса буни англамай, диққатимизни бошқа нарсаларга қаратамиз. Оилада онанинг қиладиган энг муҳим иши бу – фарзандлари учун ибодат қилишдир. Фарзандлар ўсиб келаяпти. Уларни Худо йўлида тарбиялашингизда ибодатнинг ўрни катта. Сиз ўз кучингиз билан уларни художўй ва имонли фарзандлар қилиб вояга етказа олмайсиз. Бунда сизга Худованднинг ёрдами, бошқаруви ва марҳамати керак. Фарзандлар учун ибодат қилишни асло ортга сурманг. Кундан кун улғаяётган фарзандлар қалбига ва онгига яхшиликни экмасангиз, дунё уларга ёмонликни экади. Фарзандлар бу ҳаётда энг муҳим нарса Худо билан муносабат ва Унга интилиш эканини ота-оналаридан ўрганишади.
Narrator 2 Ҳар қадамда Худованднинг иродасини изланг. Ҳар қадамда Унга ибодат қилинг. Фарзандлар учун тинимсиз ибодатда бўлинг. Бир зумга ҳам улар учун сўрашни канда қилманг. Улар учун сўранг, улар билан бирга сўранг. Кўрасиз, улар учун ибодат қилишни бошласангиз, Худованд ибодатларингизга жавоб беради. Уни ўзингиз ҳам сезасиз. Фарзандларимиз яхши, оқил, художўй, оиласини севадиган, ота-онасини ҳурмат қиладиган, доно, дунёвий билимлар олишга ва Худовандни билишга интиладиган фарзанд бўлишини истасак, улар учун ибодатни бир зумга ҳам тўхтатмаслигимиз керак. Ибодат қилишдан ташқари яна нималар қила олишингиз мумкинлигини Худованддан сўранг. У сизга бу ҳайрли ва олижаноб ишда донолик беради.