Narrator 1 Ассалому алайкум. Суҳбат қизғин ўтиши учун ҳар икки томон ҳам тўғри савол бера билиши керак. Шахслараро мулоқотда савол бериш катта ўрин тутади. Бу билан суҳбатдошлар бир-бирларини чуқурроқ англайдилар. Савол бераётган шахс савол ёрдамида керакли маълумотни аниқлаштиради. Савол бериш суҳбатнинг асосий қисми саналади. Савол бера билиш ҳам санъатдир, уни машаққатли санъат сирларини ўргангандай ўрганиш ва билиш талаб этилади. Нотўғри савол нотўғри, ноаниқ жавобга сабаб бўлади. Масалан, бемор ётган хонага кирган врач ундан «Ўзингизни қандай сезяпсиз?» деб сўрайди. Кўринадики, бу савол умумий бўлиб, негизида аниқ мақсадга қаратилган сўроқ йўқ. Демак, савол касалнинг умумий ҳолатини назарда тутади ва натижада жавоб ҳам умумий бўлади.
Narrator 2 Шундай қилиб врач аниқ маълумотга эга бўлмайди. Қолаверса, касалхонада ётган бемор шахс сифатида атроф-муҳит билан физиологик, психологик ва ижтимоий аспектларда боғланган бўлади. Врачнинг қайси ҳолатни назарда тутганлигини билмаган бемор, аниқ жавоб беролмайди. Ë бўлмаса, уйдаги ҳолатни олиб қарайлик. «Дарсларингни қилиб бўлдингми», — дейишади ота оналар болаларига. Бу савол ноаниқ бўлгани учун бола қайси дарсларни назарда тутишаётганини билмайди. Шунинг учун умумий тарзда «Ҳа» деб жавоб бериши мумкин. Лекин натижада эса қайсидир фандан «икки» олиб қайтади. Ота-оналар фарзандларидан «Ўғлим, математикадан мисол ва масалаларингни ечдингми?» «Адабиётдан ёзма иш экан, тайёрландингми?» деб сўрашлари керак.
Narrator 1 Баъзан тележурналистлар машҳур инсонлар ёки санъаткорлардан муваффақиятларига доир умумий савол берадилар. Натижада эса узундан-узоқ жавоб олинади. Суҳбат жараёнида бир қанча нокерак сўзлар ишлатилади. Бундан эса томошабиннинг энсаси қотади. Савол беришда қоида шуки, бериладиган савол аниқ ўйланган, қисқа ва мазмунли шакллантирилган бўлиши керак. Шундагина ҳамсуҳбат мақсадимизни англайди ва аниқ, тўғри жавоб беради. Савол беришда қуйидагиларни назардан қочирманг. Нотўғри шакллантирилган саволга шахс ўз-ўзидан аниқ жавоб бермайди. Суҳбатдошингиз ҳам сиз нимани сўраётганингизни билмай, ноаниқ жавоб беради. Савол беришда сўзларнинг моҳиятига диққатингизни қаратинг. Сўзларни ҳам тўғри ва ўрнида ишлатишга ҳаракат қилинг.
Narrator 2 Ундан ташқари нотўғри берилган савол суҳбатдошингизни шубҳалантириб қўйиши мумкин ва у ўзини суҳбатдан олиб қочади. Сизга нисбатан нотўғри фикрга бориши мумкин. Ижобий жавобга лойиқ бўлган саволлар билан гапни бошланг, сизга берилган саволга аниқлик киритиш учун савол билан жавоб қайтаринг. Аммо саволни ёғдириб ташламанг. Бу суҳбатдошингиз ишончини қозонишингизга тўсқинлик қилади. Кўпчилик савол бериб қўйиб, уни тингламайди. Саволни берганингиздан сўнг, уни тинглашни ҳам билинг. Бу сиз суҳбатдошингизга нақадар эътиборли эканингизни кўрсатади. Бу эса икки киши ўртасида илиқ муносабат шаклланишига сабаб бўлади. Қизиқарли суҳбатдош, ҳаёт муаммоларини енгиш, спорт ва яна кўплаб мавзулар сизни бизнинг www.najot.com сайтимизда кутмоқда.