3:21

Уй гуруҳлари 98

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радио тўлқинларимиз орқали соғ-саломатлик билан учрашиб тўрганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Азиз биродарлар, келинг эшиттиришимизнинг аввалида Муқаддас китобдаги бир оятни келтириб ўтсам. Ушбу оят Матто китобининг 12 боби 48 ва 50 оятларида келтирилади: “Исо буни айтган кишига жавоб бериб: Менинг онам ким? Укаларим ким? — деди. Сўнг қўли билан шогирдларини кўрсатиб: Мана, Менинг онам ва укаларим! — деди. Кимда-ким осмондаги Отамнинг иродасини бажо келтирса, у Менинг укам, синглим ва онам бўлади”.

Азиз биродарлар, ушбу оят билан сизларга шуни айтмоқчиманки, гуруҳингизга келиб қўшилган янги имонли биродарни асло ёлғизлатиб қўйманг. Янги имонга келган биродарнинг ёлғиз қолиши, шайтоннинг турли хужумларига дучор бўлиши деганидир. Уни шундай қабул қилиш керакки, гўё ушбу биродар кўпдан бери шу гуруҳнинг аъзосидек ўзини ҳис қила олсин. Ким ва қайси биродар орқали имонга келган бўлса, кўпроқ шу биродарда жавобгарлик бўлиши аниқ. Шунинг учун доимо гуруҳ йиғилишлари бўладими ёки умумий йиғилишлар бўладими, янги биродарни таклиф қилиш асло ёдингиздан кўтарилмасин.

Ҳурматли радио тингловчи дўстлар, янги биродарларнинг гуруҳларга келиб тавба қилиши ёки қўшилиши, бошқа гуруҳ аъзоларини ҳам руҳлантириши аниқ. Чунки биладиларки, Худованд ишлашда давом этяпти. Ҳеч қачон янги биродарлар учун хизмат қилишга эринманг. Шу билан бирга уларни мустақил равишда айрим нарсаларга ўзлари ҳаракат қилишига имкон берган маъқул.

Сабаби, бошида авайлаб, кейинчалик бирданига четга суриб қўйиш уларнинг тезда хафа бўлиб қолишига олиб келади. Бунинг оқибати эса сизга маълум бўлса керак. Айтишадику, ҳамма нарсанинг ози ширин, деб. Янги имонга келган киши билан дарров кимдир ёки имонга олиб келган кишининг ўзи каломдан Худонинг сўзини ўрганишлари керак. Бундай руҳий шуғулланиш ҳар икки биродар учун ҳам фойдалидир. Айниқса турли қаршиликлар ва қувғинларга қарши тура олиш учун тегишли бўлган оятлар ҳақида кўпроқ гапириш лозим, деб ўйлайман. Ҳозирги кунда янги имонли биродарлар билан шуғулланиш учун турли режалар ва китобчалар бор. Лекин биз фокусимизни кўпроқ Худонинг каломидан ўрганишга қаратишимиз керак.

Тез-тез учрашиб туриш ёки меҳмонга бориш ва меҳмонга чақириш ҳар икки томонга ҳам асло зарар келтирмайди. Яқинда бир гувоҳликни эшитиб қолдим. Биродаримизнинг айтишича, масиҳийликдаги севгини ва биродарларнинг бир- бирига бўлган муносабатини кўриб, Худованд ҳақиқатдан ҳам шу биродарлар билан бирга экан деган хулосага келган экан. Шу хулоса эса биродарнинг тавба қилишига катта туртки ҳам бўлган экан. Азизлар, орамиздаги севги асло сўнмасин. Сизлар билан хайрлашишдан аввал, сиз азиз биродарларга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top