Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлса-да яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, шайтоннинг биринчи нишони бу Раббимиз Исо Масиҳ эканлигини барчамиз яхши биламиз. Ибронийларга мактубининг 2 боби 14 ва 15 оятларидан шу ҳақида ўқиб кўрсак. У ерда жумладан шундай ёзилган: “Болалар эт ва қондан иборат бўлганлари учун, Исо Ўзи ҳам уларга тенглашиб, худди шундай вужудга эга бўлди, токи ўлим билан дахшат сочувчи иблисни Ўз ўлими орқали йўқ қилсин ва умр бўйи ўлим қўрқувига қул бўлган одамзод болаларини озод қилсин”. Ушбу ёзилган оятлар ҳақиқатдан ҳам тўғри эканлигига ҳеч биримизда шубҳа бўлмаса керак. Энди азизлар, иккинчи нишон ҳақида ҳам бироз гаплашсак.
Албатта, иккинчи нишон бу имонли биродарларимиз. Ваҳий китобининг 12 боби 10 оятидан ушбу оятларни биргаликда ўқиб кўрамиз: “Ўшанда самодан баланд овоз билан айтилган ушбу сўзларни эшитдим: Энди Худойимиз нажоткорлиги, қудрати, салтанати ҳамда Унинг Масиҳи ҳукмронлиги ўрнатилди. Энди биродарларимизнинг тухматчиси, Худойимиз ҳузурида уларга кеча кундуз тухмат қилаётган иблис ташқарига отилди”. Шайтон имонли биродарларга қарши отадиган ўқи бу тухматдир. Кўпгина жамоатларда ёки кичик уй гуруҳларида юзага келаётган муаммоларнинг биринчи сабаби ҳам шайтоннинг тухмати туфайли, деб айтишимиз мумкин. Бир кичкина мисол келтириб ўтмоқчи эдим. Масалан, қишда истеъмол қилиш учун бир қоп картошка сотиб олдингиз ва уни бирор жойга сақлаш учун олиб қўйдингиз. Агарда шу сотиб олган картошкани ўз вақтида саралаб тозасини ажратиб олмасангиз, ишонч билан айтиш мумкин, қиш кириб келгунга қадар бир қоп картошкадан ярим қопи ҳам сақланмайди.
Сабаби, бир дона сифатсиз ёки яраланган картошка туфайли бошқа тоза картошкалар ҳам жабрланиши мумкин. Бундан ташқари ҳаётий мисоллар ҳам жуда кўп. Масалан, яқинда содир бўлган бир нохуш хабар ҳақида ҳам сизларни хабардор қилмоқчи эди. Кичик уй гуруҳининг чўпони ва шу гуруҳдаги яна бир хизматчи орасида арзимаган тортишув бўлиб ўтади. Ушбу биродарларимиз ўз вақтида ушбу тортишувни ечимини ҳал қилишмайди. Орадан ярим йил вақт ўтганида эса буни тузатиб бўлмас, жанжал сифатида кўриш мумкин эди. Яхшиямки, ушбу биродарлар ўз вақтида қилган хатоларини англаб етишди ва бир бирига кечирим бериб, Худованднинг олдида тавба қилиб Худонинг кечиримини олишди. Албатта, ўтган ярим йил мобайнида шайтон жуда кўп ёлғонлар, ғийбатлар орқали ушбу биродарларни бир бирига қаттиқ қарши қилиб қўйган эди. Худонинг аралашуви орқали барчасига чек қўйилди. Ҳозирги кунда биродарлар янада дўстлашиб биргаликда ўз хизматларини давом эттиришмоқда. Азиз биродарлар, ҳеч қачон шайтонга изн берманг ва унинг нишонига айланиб қолманг. Шунда руҳий ғалаба барчамизга насиб бўлади. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.