3:23

Руҳий ғалаба 244

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали сизлар билан яна руҳий ғалаба ҳақидаги эшиттиришимизни давом эттириш ниятидаман. Азиз радио тингловчи биродарлар, агарда Эски Аҳд китобига назар ташлайдиган бўлсак, Биринчи Шоҳликлар китобининг 16 боби 14 оятида Худованднинг руҳи Шоулни қандай аҳволга солганини ўқишимиз мумкин. Албатта бу ерда Шоулни ёвуз руҳлар қийин аҳволга солгани ҳақида гап боради. Бу билан Худовандда ёвуз руҳлар ҳам бор деган хулосага келишимиз керак эмас. Бу дегани ёвуз руҳлар Шоулни шундай аҳволга солиши учун Худованд томонидан рухсат этилди деганидир.

Азиз биродарлар, Худованднинг рухсатисиз шайтон инсонларга ҳеч қандай зарар етқаза олмайди. Шоул шундай аҳволга тушиб қолишининг ўзига яраша сабаблари бор эди. Шоул ўзи танлаган йўлдан боришни авзал деб билди. Худованднинг йўли эса унга маъқул бўлмади. Ҳурматли биродарлар, бир нарсани доимо ёдда тутмоғимиз керак. Худованд Ўзи учун маъқул бўлмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни турли йўллар билан тўхтатиш имконига эгадир. Албатта Худованд кўрсатган йўлдан бориш унчалик осон иш эмас. Лекин қанчали машаққатли йўл бўлмасин, йўлнинг охири абадий ҳаёт сари олиб боради. Баъзида биз инсонлар ўзимизга ёққан йўлдан боришга ўрганиб қолганмиз. Ёки айрим ишларни ҳам Худованднинг аралашувисиз ҳал этишга уринамиз. Шунинг учун ҳам доимо муаммоларга дуч келамиз. Айтмоқчиманки, ҳар қандай иш бўлсин ёки хизмат бўлсин, Худованд билан бамаслаҳат қилинса, марҳаматга тўлиб тошамиз. Шоулнинг ҳаётини кўришда давом этамиз. Нима учун Худованд ундан шоҳликни тортиб олди ва Довудга берди?

Бунинг сабабини тушуниш унчалик қийин эмас. У ўзининг қилган хатолари ва гуноҳи учун тавба қилиб Худодан кечирим сўраш ўрнига, ўзини оқлашга уринди. Гўёки унинг қилган айбли ишларида ўзи эмас, бошқалар айбдордай. Бунга ўхшаш ҳолатлар барча инсонларда мавжуд. Эсингизда бўлса, Одам Ато билан Момо Ҳаво ҳам худди шундай йўл тутишган эди. Ўзини оқлаб, хатосини тан олмаслик эса бизга улардан мерос бўлиб қолган. Баъзида биз инсонлар ўз хатоларимизни тан олгимиз келмайди. Худованд шундай пайтларда огоҳлантириб бизни тўғри йўлдан боришимизни истайди, шунда ҳам ўз йўлимиздан борадиган бўлсак, кўп нарса йўқотишмиз мумкин. Баъзида хизматимизни ҳам биз ўйламаган ва кутмаган инсонларга олиб бериши ҳам мумкин.

Азиз биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашар эканман, барчангизга тинчлик ва омонлик тилайман. Доимо Худованднинг кўрсатган йўлидан бориш ҳеч биримизни чарчатиб қўймасин. Азизлар, бизнинг электрон почтамиз манзили ёдингизда бўлса керак. Шундай бўлсади яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинг азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top