3:13

Болаларнинг ўсишига ёрдам 257

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали соғ-омон учрашиб турганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳга раҳматлар айтамиз. Ҳурматли радио тингловчи ота-оналар, Муқаддас китобдан ҳар биримизга яхши маълумки, ҳар бир бола ажойиб, шу билан бирга ҳар бир ота-она ўзининг фарзандлари ҳақида умумий жиҳатларини билиши ҳам зарур. Кўпинча мени қулоғимга шундай гаплар чалинади. Мени фарзандларим кичкина бўлган пайтларида жуда ёқимтой ва ажойиб болалар эди, деган гаплар. Шу пайт менда савол туғилади. Ҳозирчи? Ҳозир улар ёқимтой эмасми?

Албатта ҳар бир бола кичкина пайтида ҳақиқатдан ҳам ажойиб ва барча учун бирдек ёқимтой саналади. Азизлар, шуни ёдингиздан чиқарманг, фарзанд балоғат ёшига етганида ҳам ва алоҳида уйли-жойли бўлганида ҳам ота-она учун доимо фарзандлигича қолади. Ҳурматли ота-оналар, доимо фарзандингиз сиздан нима истаётганини билишга ҳаракат қилинг. Болада ўзига яраша айрим шўхликлари бўлади. Агарда бола шўхлик қилаётган бўлса, диққат билан кузатишга одатланинг. Ҳеч кимга зарари тегмаса ёки бирон-бир ножўя иш қилмаётган бўлса, майли бемалол ўз шўхликларини давом этаверсин.

Бундай деб айтишимнинг сабаби, кўпинча ота-оналар одатланиб қолганидек, сал нарсага ҳам болани урушиб, уни бир жойда қотиб ўтиришини хоҳлашади. Ахир бола ўзига яраша шўхликларни ҳам қилиши лозим. Доимо шўхлик билан қулоқ солмасликни фарқлай билиш эса ота-онанинг вазифасидир. Олимларнинг айтишича, бола асосан олти ёшлигида ўз шўхликларини авжига чиқарар экан. Шу билан бирга шу ёшда бола ҳаётнинг қандай эканлигини ҳам англай бошлайди. Шунинг учун ҳам болага асосан шу ёшда кўп нарсаларни ўргатишингизга тўғри келади. Ҳурматли радио тингловчи ота-оналар, илгари ҳам кўп бора айтганман, ҳозир ҳам шу нарсани такрорлашдан чарчамайман.

Болангизнинг ҳар бир саволларига эринмасдан тўлиқ жавоб беришга одатланинг. Бу боланинг ақлий ривожланиши учун жуда муҳим. Бола келажакда турли стрессларга чидамли бўлишини истасангиз, айнан уларнинг ёшлигида кўпроқ ўзингиз билан мулоқот қилишига имкон беринг. Бола билан кўпроқ мулоқот қилиш — уларни ҳар томонлама ривожлантиради. Ўйлайманки, масиҳий ота-оналар учун Муқаддас каломдан ўқиб бериш янада болани Худога яқинлашиши учун имконият беради. Ҳозирги кунда ўз тилимизда ҳам болалар учун турли қизиқарли ва чиройли китоблар мавжуд. Азизлар, Худованд ҳар биримизни кимлигимизга қарамай шунчалик севди.

Бизнинг нажот топишимиз учун У Ўзининг ягона фарзанди Раббимиз Исо Масиҳни қурбон қилди. Демак, биз ота-оналар ҳам ўз фарзандларимизни севиб, уларни нажотга эга бўлиши учун қайғуришимиз зарур. Болани тўғри тушуниб уни қабул қилиш кўплаб муаммоларнинг ечими эканлиги ёдингиздан чиқмасин. Азизлар, шунинг билан эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Бизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзили: www.najot.com яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top