Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна “Дилкаш” радиоси. Марҳамат, тинглаб дам олинг. Ҳурматли биродарлар, сизлар билан яна кичик уй жамоатлари ҳақида суҳбатлашсак. Муқаддас каломда ҳаворий Бутрус шундай деб айтгани ёзилган: “Назоратингиздаги Худонинг сурувини яхши боқинглар. Бу ишни мажбурий эмас, балки Худога ёқадиган даражада кўнгилдан чиқариб қилинглар. Қабих ғаразгуйликсиз, сидқидилдан иш тутинглар. Қўлингиз остидаги сурувга ҳукумронлик қилмасдан, яхши ўрнак кўрсатинглар”. 1 Бутрус 5 боб 2 ва 3 оятлари.
Азиз биродарлар, Худованд айнан шундай биродарларни излайди. Чунки Худованднинг хизматчилари Унинг Ўзига хос талабларига жавоб берадиган бўлиши керак. Дунёдаги раҳбарлар билан масиҳий раҳбарларнинг ва айниқса чўпонларнинг ўртасида осмон билан ерчалик фарқ бор. Масиҳий раҳбар ёки чўпонлар ўзларидаги мавжуд бўлган севгиси орқали ажралиб туришлари керак. Мен ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа ҳақида сиз азизларга сўзлаб бермоқчи эдим.
Менга таниш бўлган бир ишбилармон масиҳий биродаримиз бор. У биродаримиз ҳақиқатдан ҳам омадли ишбилармон. Ўша пайтларда у биродаримиз биз қатнайдиган кичик уй жамоатининг аъзоси ҳам эди. Жамоатда воизлик қилиб ўзига яраша хизмат ҳам олиб борар эди. Хуллас, кунларнинг бирида мен дўстим билан биргаликда унинг офисига бориб, бирга бизнес қилиш ҳақида гаплашдик. У албатта ҳаммасига розилик билдирди ва гапининг охирида айтган гаплари эса бизни бироз ўйлантириб қўйди.
“Хизмат ўз йўлига, иш эса ўз йўлига, мени офисимга ишлаш учун келган пайтларингда масиҳийликни бир четга олиб қўясизлар. Шундагина бирга ишлашимиз мумкин”, деб айтди. Бизга эса шу айтган гапларининг ўзи етарли бўлди. Шу биродаримиз ҳозирги кунда бутунлай ишга берилиб кетиб уй жамоатларига ҳам бир неча йиллардан бери қатнамай қўйди. Азиз биродарлар, масиҳий инсон нимаики иш билан шуғулланмасин, албатта биринчи ўринга Худони қўйиши мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳар қандай ишнинг боши ва бошқарувчиси Худованддир. Қачонки Худованд биз билан бирга бўлса, қилаётган ишимизда барака ва унум бўлади. Айниқса жамоат чўпонлари ва хизматчилари доимо Худовандни биринчи ўринга қўйишлари шарт. Каломда ёзилганидек, камтарларни Худованднинг Ўзи юксалтиради.
Дунё билан масиҳий орасида ўзига яраша фарқ бўлиши керак. Биз масиҳийларни кўрган ҳар бир инсон бизда Масиҳни кўриши керак. Азизлар, бизнинг бир масиҳий устозимиз айтар эди. Аслида бешта Хушхабар бор. Бешинчиси бу масиҳийнинг ҳаётидир деб айтар эди. Азиз биродарлар, бошқаларга яхши кўриниш учун эмас, балки Худовандни мамнун қилиш учун ҳаракат қилайлик. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда, сизлар билан хайрлашишдан аввал сиз азизларга ўзимизниг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.