Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Бугунги суҳбатимиз давомида сизларга Фикус, Питтоспорум ва Бегония ҳақида маълумот бераман.
Фикус – яшил бута, дарахт ёки лиана шаклида ўсади, бутун ёки бўлма баргли бўлади. шираси сутга ўхшайди. Илиқ биноларда ўстирилади. Уни қишда ўртача нормада, ёзда эса тез-тез суғориб туриш, баргларига сув пуркаш талаб қилинади. Қаламчалаб ва пархиш қилиш йўли билан кўпайтирилади. Фикус ҳарорати 10-15 даражада бўлган ёруғ уйда ўстирилиши керак. Уйда фикуснинг кўпинча барглари тиғиз нави ўстирилади. Икки яшар новдаларидан 10-25 см узунликда қаламча олинади. Қаламчалар тоза сув қуйилган идишда илдиз оттирилади. Идиш ёруғ жойга қўйилса 2-3 ҳафтадан кейин илдизлар ўсиб чиқади. Илдиз отган қаламчалар чимли, торфли, барг чириндили тупроқ аралашмасига ўтқазилади.
Питтоспорум – бута ва дарахт шаклида ўсади. Барглари бутун, тиғиз, қалин пўст билан қопланган, доим яшил тусда бўлади. Бу ўсимлик қишда гуллайди. Гули оқ ва хушбўй. Бу ўсимликнинг фақат ёш новдаларигина барг чиқаради. Тобир деб аталадиган питтоспорум парваришга унчалик талабчан эмас. Ёзда бу ўсимлик қуёш нурини, қониб сув ичишни ва соф ҳавони ёқтиради. Қишда 10-12 даражадаги салқин бинода сақланади. Тувакка торфли, чимли ва барг чириндили тупроқ тенг миқдорда аралаштириб озгина қум ҳам қўшилади. Бу ўсимлик юмшоқ тупроқда яхши ўсади, шунинг учун тупроқнинг қотиб қолмаслигига аҳамият бериш лозим. Ёш ўсимлик ҳар йили, каттаси эса 2-3 йил оралатиб кўчириб ўтқазилади. У кичик идишда ҳам яхши ўсади. Бинобарин , бу ўсимлик кўчириб ўтқазиладиган идиш ортиқча катта ва кенг бўлмаслиги керак. Уни органик ўғит билан ўғитлаш айниқса яхши натижа беради. Питтоспорум ўсимликлари уруғи ва қаламчасидан кўпайтирилади. Уруғи янги етиштирилган бўлса, баҳорда экилганида 2-2,5 ойда кўкаради. Қаламчалари баҳор ва ёзда экилади. Лекин уларнинг талайгина қисми илдиз отмайди. Шунинг учун янги уруғдан кўпайтириш самаралироқ. Энди эса манзарали ўсимликлардан бири Бегония ҳақида.
Бегониянинг гули ранг-баранг ва чиройли. Поя ва баргларининг ранги ва катталиги хилма-хил. Уйда бегониянинг қуйидаги уч турини ўстириш тавсия этилади: туганакли бегония, доим шохлайдиган бегония ва барги манзарали бегония. Бегониянинг поялари сершира, мўрт бўлади. Барглари бандли, ёнбаргчалар ҳам чиқаради. Гули ҳар хил жинсли, бир уйли, ранг-баранг тусда бўлади. Бегония ўсимликлари тенг миқдорда чимли, барг чириндили ва торфли тупроқдан тайёрланган аралашмада яхши ўсади. Тувакда сув тўпланганда яхши ривожланмайди. Барг алмаштириш вақтида эса янги баргларни чиқариб олгунга қадар эҳтиётлик билан суғориш талаб этилади. Бегониянинг туганакли турини эса барг тукадиган даврда суғориш ярамайди. Тўкилган туганакларини олиб қуруқ қумга кўмиб сақланади. Ёзда эса бегония ўсимликларининг ҳаммасини туваги билан очиқ ерга ўтқазиш тавсия этилади. Бегония қаламча ва туганаклардан кўпайтирилади. Кейинги сафар учрашгунга қадар ОМОН бўлинг.