3:23

Руҳий ғалаба 252

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинларида ғойибона учрашиб турганимиз учун Отамизга шукроналар айтамиз. 2 Тимўтий мактубининг 2 боби 3 ва 4 оятларини биргаликда ўқисак: “Исо Масиҳнинг яхши бир аскари каби тақдирингдаги азобларга дош бергин. Харбий хизматдаги аскар қумондонимни мамнун қилай, деб тирикчилик ишлари билан банд бўлмайди”. Азиз биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳақиқий шогирди бўла олиш учун катта миқдорда тўлов тўлашга тўғри келади.

Бу дегани ҳар куни шу инсон ўз хочини кўтариб олға юриши керак. Бундан ташқари ўз хочини кўтариб олға юриш дегани, турли муаммоларга дуч келиш деганидир. Масалан, турли хил қувғинлар, кимларнингдир номуносиб муносабати. Бундан ташқари ўзимизни энг севимли нарсамизни ҳам қурбон қилишга тўғри келиши мумкин. Баъзида шундай биродарлар билан учрашиб қоламиз, уларнинг айтишларича, уларнинг ҳаётида ҳеч қандай муаммолар айнан Масиҳ туфайли содир бўлмаган. Ҳатто уларнинг таъкидлашича, кимда-ким гуноҳкор бўлса ёки гуноҳ қилиб юрган бўлса, Худованд шу инсонларни тарбиялаш мақсадида муаммоларга гирифтор қилар экан.

Сизнинг фикрингиз қандай, азиз радио тингловчи? Мен шахсан шундай ўйлайман. Юқоридаги фикрни билдирадиган биродарлар аниқ ёлғон гапиряпти. Демак, шу биродарлар Худованд учун ҳеч қандай хизмат олиб бормаётган биродарлар бўлиши мумкин. Азизлар, бизнинг мамлакатимиздаги қувғинлар ҳақида гапириб сизнинг бошингизни қотириш мақсадим йўқ. Ҳатто диний эркинлик бўлган мамлакатларда ҳам Худованд учун астойдил хизмат олиб бориш, турли муаммоларни келтириб чиқаради. Ҳеч қаерда Худованд учун хизмат қилиш осон эмас. Агарда бир жойда қотиб турсак, албатта ҳеч қандай қаршиликларга дуч келмаслигимиз мумкин. Лекин бундан қандай наф?

Худованд бизларни ҳар биримизни Ўзига хизмат олиб боришимиз учун танлаган. Азизлар, масиҳийликда бир жойда қотиб қолишдан бўлак катта муаммо бўлмаса керак. Шундай экан доимо олдинга қараб юриш ва Худовандга хизмат қилиш ҳар биримиз учун катта шарафдир. Раббимиз Исо Масиҳ ҳар бир масиҳий инсон учун хизмат қилишга имконият беради. Исо Масиҳга эргашиш бу бизнинг хизматимиздир. Кўпчилик инсонлар Масиҳга эргашишни истамайдилар. Сиз-чи азиз радио тингловчи? Сиз Раббимиз Исо Масиҳнинг ортидан эргашишга тайёрмисиз? Сиз Исо Масиҳнинг содиқ аскари бўлишни истармидингиз? Қандай қилиб содиқ аскар бўлиш мумкин?

Қачонки дунё билан бўлган ҳар қандай носоғлом алоқани узгандагина Исо Масиҳнинг содиқ аскари бўлиш мумкин. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашиб, ўзимизнинг интернетдаги сайтимиз манзилини сиз азизларга айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top