Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар, сиз азизлар билан яна радио тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннадормиз. Азизлар, Ёқуб китобининг 1 боби 22 ва 25 оятларида шундай ёзилган: “Ўз-ўзингизни алдаб, Худо каломининг фақат тингловчиларигина эмас, балки ижрочилари бўлинглар. Агар бирор киши каломни тинглаб, ижро этмаса, у ўзининг асл юзини кўзгуда кўрган одамга ўхшаб қолади. Одам ўзига қаради-ю кетди ва дарҳол қандай эканлигини унутиб юборди. Лекин мукаммал Қонунга, Худонинг эрк берувчи Қонунига яқиндан қараб, унга қатъий амал қилган киши, яъни унутувчан тингловчи эмас, балки ишни бажарувчи киши ўз йўлида бахтиёр бўлади”.
Азизлар, Шелдон Венекин деган биродаримиз шундай деган: “Масиҳийликнинг яхши эканлигига энг яхши аргумент бу — масиҳийларнинг ўзи, яъни уларнинг чиройли масиҳий ҳаёти, уларнинг хурсандчилиги, уларнинг имондаги эътиқоди, уларнинг умид билан яшаши. Масиҳийликнинг ёмон эканлигига ҳам энг яхши аргумент бу – масиҳийларнинг ўзи, яъни уларнинг жуда жиддийлиги ва супер руҳийлиги, уларнинг хурсанд эмаслиги, ўзининг эътиқоди билан жуда мағрурланиб кетгани ва умидсизлигидир”. Масиҳийларнинг фақат тили эмас, балки ҳаётлари ёки юраклари ҳам гапиради. Биз ўзимизнинг ҳаётимиз билан ёки Исони улуғлаймиз, ёки Исога қарши чиқамиз.
Бизнинг масиҳий ҳаёт тарзимиз бу – кучли Хушхабар қуроли. Агар биз бу қуролдан фойдалана олмасак, бизда фақат битта қурол қолади, яъни биринчи қурол — фақат Хушхабарни эълон қилиш. Агарда ҳаётимиз ҳам Хушхабарга мос бўлса, бизда иккинчи қурол ҳам ишга тушади. Бизнинг Хушхабардаги иккинчи қуролимиз бу – бизнинг шахсий масиҳий ҳаётимиз. Хушхабарни инсонларга етказишда биз иккита муҳим ишни бажаришимиз керак, яъни буни иккита кўприк деб аташимиз мумкин. Биринчи кўприк — бизнинг Хушхабаримизнинг моҳияти. Иккинчинчи кўприк — бизнинг имонсиз билан муносабатимиз.
Агарда Хушхабар айтиш жараёнида бу икки нарса бўлмаса, бизнинг Хушхабаримиз яхши самара бермайди. Кўпинча, Хушхабар айтаётганда фақат биринчи кўприк ишлатилади ва кўп эътибор берилади. Имонсиз Хушхабар фақат теология эмас эканлигини бизнинг муносабатимизда кўриши мумкин. Имонсиз “мен ҳеч қачон бунақа севги ва эътибор кўрмаганман” деса, бизнинг Хушхабар улар учун фойдали бўлади.Танганинг бир томони Хушхабарни эълон қилиш бўлса, танганинг иккинчи томони Хушхабарга мос шахсий ҳаётимиздир. Азизлар, ҳар бир масиҳий Исо Масиҳни ўз юрагига қабул қилганидан сўнг унинг бутун ҳаёти ўзгариши керак.
Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчиман: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр соғ-саломат бўлинг.