Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлар орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ўйлаймизки, сизлар учун тайёрланаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз тингловчиларга, манзур бўлмоқда. Азиз радио тингловчи биродарлар, Одам Ато билан Момо Ҳаво илк бор гуноҳ содир этишган пайитдан бошлаб, Худованднинг бутун инсониятни қутқариш режаси ўз ҳаракатини бошлаб юборди. Келинг азиз радио тингловчи дўстлар, Муқаддас каломнинг Ибтидо китоби 3 боби 15 оятини биргаликда ўқиб кўрамиз:”Сен билан хотин орасига, сенинг зотинг билан унинг зоти орасига адоват соламан.
Ўша зот сенинг бошингни эзиб ташлайди, сен эса унинг товонини чақасан”. Ҳа, азиз радио тингловчи биродарлар, ўша даврдан бошлаб Раббимиз Исо Масиҳ ҳам пайғамбар сифатида, ҳам Руҳоний сифатида ва Шоҳ сифатида хизмат қилди, токи Худованднинг қутқариш режаси шу ягона Раббимиз Исо Масиҳ орқали амалга ошиши учун. Эски Аҳд даврида Исо Масиҳ Худованднинг фариштаси ва Унинг мақсадларини амалга оширувчи бўлиб келган эди. Эндиликда эса У бутун инсонларнинг ягона Қутқарувчиси сифатида ер юзига келди. Ҳаворий Павлус ҳам айнан шу ҳақида ўзининг мактубларида кўп бора гапирган эди.
Масалан, 1 Коринфияликларга мактубининг 10 боби 2 ва 4 оятларида Павлус шундай деб айтади: Уларнинг ҳаммаси шундай булут остида кезиб ва денгиздан ўтиб, Мусо пайғамбар номидан сувга чўмиб имон келтиргандай бўлдилар. Ҳаммаси баравар руҳий озиқни едилар. Ҳаммаси баравар руҳий ичимликни ичдилар, улар орқаларидан келаётган руҳий қоятошдан сув ичдилар. У қоятош эса Масиҳ эди”. Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ инсониятнинг гуноҳга йиқилганини кўриб, уч бирлик инсониятни қутқаришга аҳд қилдилар. Исо Масиҳ шунда бутун қийинчиликни Ўз бўйнига олиб, ҳатто ўлимга боришга ҳам рози бўлди. Шу орқали У бутун жамоатларнинг боши ва бутун борлиқнинг Шоҳига айланди.
Шунинг учун ҳам биз Раб Исо Масиҳни нафақат Қутқарувчи ёки гуноҳларни Ўз зиммасига олувчи сифатида биламиз, балки энг муҳими, У биз инсонларнинг Подшоҳи ҳамдир. Балки кимлар учундир Исо Масиҳни Шоҳ сифатида тасаввур қилиш қийиндир. Балки кимлардир Уни фақатгина пайғамбар сифатида қабул қилар. Чунки У ер юзига келиб одамлар орасида яшаган пайтида Унда Шоҳ сифатида ҳеч қандай аломат сезилмас эди. Унинг қасри ҳам, бошида тожи ҳам қолаверса қўлида армияси ҳам бўлмаган эди. У фақатгина Ўзининг оғзидан чиққан сўзлар билан яшади ва одамларга нажот йўлини кўрсатди. Азиз биродарлар, қачонки Осмон Шоҳлигига борган пайтимизда Унинг ҳақиқатдан ҳам Шоҳ эканлигига ўз кўзимиз билан амин бўламиз.
Худованд ҳар биримизни марҳаматласин. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимизга якун ясаб, ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини сизга эслатиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.