3:26

Уй гуруҳлари 119

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали ғойибона учрашиб турганимиз учун Худовандга шукуроналар айтамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, Муқаддас Каломнинг 1 Коринфияликларга мактубининг 11 боби 1 оятида шундай ажойиб оят ёзиб қўйилган: “Мен Масиҳга қандай эргашсам, сизлар ҳам менга шундай эргашинглар”. Азиз биродарлар, ушбу оятни диққат билан ўқиб кўрганимизда, гўёки бироз мағрурлик ёки мақтончоғликни иси келаётгандай туюлиши мумкин.

Тўғриси, айнан ушбу сўзларни орамизда кимдир айтганида дарҳақиқат мақтанчоғлик бўлар эди. Лекин ҳаворий Павлус асло мақтанчоғлик қилмади. Унинг яшаш тарзи ва Раббимиз Исо Масиҳга олиб борган хизматидан ҳар бир инсон ўрнак олиши мумкин. Инсонлар асло Исо Масиҳдек мукаммал ҳаёт кечира олмайдилар. Албатта, ҳар бир инсонда ўзига яраша камчиликлари мавжуд. Айтайлик кимдир чиндан ҳам ҳаракат қилиши мумкин. Лекин албатта қачондир кимгадир нисбатан жаҳл қилиши аниқ. Жаҳл қилиш эса Раббимиз Исо Масиҳ билан яшаш учун асло тўғри келмайди.

Азиз биродарлар, ёдингизда бўлса кичик уй гуруҳларини тез ривожлантириш учун кўпроқ шогирдлик қилиш кераклиги ҳақида сизлар билан суҳбатлашган эдик. Шунинг учун ҳар биримиз шогирдларимизни аввалом бор Исо Масиҳга тегишли эканлигини ва аввалом бор Исо Масиҳнинг шогирди эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Агар ўзимиз ҳам ва шогирдларимиз ҳам Раббимиз Исо Масиҳга ўхшашга ҳаракат қилсак, асло хато қилмаган бўламиз. Ҳурматли биродарлар, ўзимизни асло бошқа инсонлар билан солиштирмаслигимиз керак.

Агар инсонларга ўхшашни истасак, бу бизнинг биринчи камчилигимиз бўлиши мумкин. Ҳар доимо Раббимиз Исо Масиҳга ўхшаб солиҳлик сари ҳаракат қилиб руҳан ўсишимиз керак. Инсондаги камтарлик унинг донолигидан кичкинагина белгидир. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, фақатгина руҳий ҳаётда эмас, балки доимо ҳаётда ҳам камтарин инсон бўлишга ўрганишимиз керак. Ҳурматли биродарлар, юқорида айтиб ўтганимиздек, биз Одам Атонинг ва Момо Ҳавонинг давомчилари бўлганимиз учун ҳам камчиликларимиз тўлиб-тошиб ётибди. Шундай экан, ушбу камчиликларимизни ўз вақтида енгишга ҳаракат қилишимиз керак. Инсондаги барча камчиликларни енгиш учун эса фақатгина битта йўл бор. Бу ҳам бўлса ибодатдир.

Азизлар, ҳаворий Павлус доимо ибодатда бўлганилигини яхши биламиз. Тимўтийга йўллаган мактубларида айтган эдики, “мен сени доимо ўз ибодатларимда эсга оламан” деб. Ҳурматли биродарлар, шунинг учун биз ҳам доимо ўз шогирдларимиз учун ва гуруҳимиздаги биродарларимиз учун ибодатда бўлайлик. Ибодат масиҳий инсоннинг энг кучли қуролидир. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернетдаги сайтимиз манзилини яна бир бор ёдингизга солиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top